наушники со скидкой (верхний)
РУ
O’Z
UZS
/
/
Toping.uzʼда афиша: Шаҳзода дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди
26.09.2024

Toping.uzʼда афиша: Шаҳзода дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди

Toping.uzʼда афиша: Шаҳзода дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди
Муаллиф

Биз интиқиб кутган центябрнинг охирги ҳафтаси ҳам тугаб бормоқда. Пойтахт кўчалари кузга хос бўлган тилларангга бурканган, ҳаво ҳам салқинлашиб қолган. Бундай вақтда шаҳарни маза қилиб айланиш мумкин. Блогер Шаҳзода Абдусалом бундай кунларда қаерларга боришни ёқтириши ҳақида маълумот берди.

image

Yangi yilga eng yaxshi sovg‘ani topdik. BU NIMA?

icon

Ҳордиқ

Тошкент шаҳрида сокин жойларни кезишни хуш кўраман. Бунга Ботаника боғи, Экопарк ва турли аллеяларни мисол қилиб келтиришим мумкин.

Ганга чорраҳасида ҳам ажойиб йўлак ва боғлар ташкил этилган. Бу ерда ҳам кўпинча сайр қилиб, табиат гўзаллигидан баҳраманд бўламан.

— Бундай хиёбонлар кичик ёшдаги фарзанди билан сайр қилаётган аёллар учун айниқса қулай. Бу ерда машиналар пиёдаларга халақит бермайди.

Театр

Тўғрисини айтсам, анчадан буён кино ёки театрга тушганим йўқ. Бунга турли сабаблар бор. Аммо маданий ҳордиқ олишни доим ёқтирганман ва премьералар шайдоси бўлганман.

Анчадан буён театрга тушиб, томошалар кўришни режалаштиряпман. Ҳозирда театр мавсуми бошлангани учун ҳар хил қизиқарли томошаларни топишингиз мумкин. Бунга фақат вақт керак.

— Лекин бир жиҳатни айтиш керак. Бизда охирги йилларда театр санъати бироз оқсаётгандек гўё. У ерга томошабинлар оқими анча камайиб қолган. Бу масалани турли усуллар билан ечиш мумкин.

Таом

Мен Узоқ Шарқ мамлакатлари ошхонасини жуда ёқтираман. Япон, корейс миллий таомларини жон-дилдан яхши кўраман. Бу овқатлар орасида, албатта, суши ўзгача бўлиб, ажралиб туради.

Бундан ташқари, турк миллий овқатларини ҳам севиб тановул қиламан. Тошкентда Sıralı ва Köşebaşı ресторанлари айниқса бу борада ажралиб туради. Мен ресторан танлашда болалар майдончаси борлигига аҳамият қаратаман.

— Шу билан бирга, енгил нонушта ёки мазали тушлик қилмоқчи бўлсам, кўпинча Bonʼга бораман. У ерда атмосфера ҳам ўзгача. Ёшларнинг шўх-шаддод кулгиси, катталарнинг баланд муҳокамалари ҳаёт нақадар гўзал эканини эслатиб туради.

Харид

Кўп ҳолларда кийимларни ўзимга ҳам, фарзандимга ҳам чет элдан буюртма бераман. Чунки хорижий бозорларда доимий равишда чегирмалар бўлиб туради, шунинг ҳисобига сифатли маҳсулотларни ҳамёнбоп нархларда харид қилиш мумкин.

Ўзимизда эса асосан Daisy Wish деб номланган дўкондан кийимлар сотиб оламан. Уларда кийим нархи ва сифати бир-бирига мос келади. Аксар миллий брендларда оддий матолардан кийимлар ҳам жуда баланд нархларда сотилиши мени ҳайратда қолдиради.

— Шу боис чет элдан кўпроқ кийимлар буюртма бераман. Мен доим нарх ва сифатга алоҳида эътибор қаратаман. Юқорида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон ички бозорида кийимлар нархи анча баланд, аммо сифат жуда паст. Бунга нима сабаб эканини эса билмайман.

Фестиваль

Охирги марта қачон йирик тадбир ёки фестивалларга борганимни эслай олмайман. Айни пайтда фарзанд тарбияси билан машғулман. Аслини олганда, менга шовқин-сурон кўп ҳам ёқмайди. Шу сабаб бундай давралардан ҳам узоқман.

Аммо турли мусиқий шоулар ва дастурлар кўпроқ ташкил этилиши тарафдориман. Шу билан бирга, бундай тадбирлар ҳақида кенг омма хабардор қилиниши керак деб ўйлайман. Чунки кўп ҳолларда турли фестивалларга фақат блогерлар таклиф этилишини кўраман.

— Аҳолининг турли галерея ва фестивалларга қизиқиши йўқдир балки. Аммо бу фикр ҳам статистик жиҳатдан исботланмаган. Менимча, бу турдаги тадбирлар одамлар учун бўлади. Шу сабабдан аҳолининг ташрифини таъминлаш асосий масала бўлиши керак деб ҳисоблайман.

Эслатма, Тошкент шаҳрида ўтказилаётган турли кўнгилочар тадбирлар билан танишиш ва тақдимдан хабардор бўлиб туриш учун Toping.uz Telegram каналига обуна бўлишингиз мумкин.

Buyurtma qoldiring

Bizning menejerlarimiz yaqin orada siz bilan bog‘lanadi.

Yangi Shop Tashkent

map-pin

Малика, магазин 6а

Сотувчи
phone

+998901777516

telegram-logo

@yangishoptashkent

Раҳмат, аризангиз қабул қилинди.