Discord мессенжери Россиядан кейин Туркияда ҳам блокланди
Туркия расмийлари болалар жинсий зўравонлиги билан боғлиқ жиноятлар гумонлари туфайли Discord тақиқланганини изоҳлади. Россияда бу мессенжер Украинадаги рус қўшинлари томонидан кенг қўлланган.
Туркия суди Бош прокуратура талабига биноан Discord мессенжерини блоклашга қарор қилди, деди 9 октябрь, чоршанба куни мамлакат адлия вазири Йилмаз Тунч.
Унинг баёнотида айтилишича, мессенжер болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва одобсизлик билан боғлиқ жиноятлар гумонлари туфайли блокланган.
«Биз келажагимиз калити бўлган ёшларимиз ва болаларимизни ижтимоий тармоқлар ва интернетдаги зарарли, жиноий нашрлардан ҳимоя қилишга қатъий қарор қилдик», — дея Тунч сўзларини келтиради Анадолу агентлиги.