Green Card учун аризалар қабули 2 октябрдан бошланади
2 октябрдан DV-2026 дастурига аризалар қабули бошланади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати маълум қилди.
Дастур доирасида 2026 йил учун турли миллат вакилларига 55 мингтагача визалар (DV) ажратилади. Номзодлар унда иштирок этиш ҳуқуқига эга мамлакат фуқаролари бўлиши керак. Ўзбекистонликлар дастурда иштирок эта оладилар.
Бундан ташқари, номзодлар 12 йиллик бошланғич ва ўрта таълимни муваффақиятли тамомлаган, охирги беш йилда камида икки йиллик ўқиш ёки иш билан банд бўлган бўлиши талаб қилинади.
Green Card учун талабгорлар тасодифий аниқланади. Давлат департаменти минтақалар ўртасида визаларни тенг тақсимлайди. Ҳеч бир мамлакатга бир йил ичида мавжуд DVларнинг 7 фоиздан кўпроғи берилмайди.
Номзодларга ариза юборишда янгиланган браузердан фойдаланиш тавсия этилади, чунки эски браузерлар (масалан, Internet Explorer 8) онлайн DV-тизими билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин.