Hamster Kombatʼда пул тарқатишда ўйинчиларнинг ярмидан камроғи иштирок этди
Hamster Kombat ўйинида токен тарқатиш (аирдроп) доирасида фирибгарлик учун 2,3 миллион фойдаланувчи блокланди. 2024 йил 26 мартдан бошлаб лойиҳада жами 300 миллиондан ортиқ киши қатнашди. Бу ҳақда «Ведомости» нашри ишлаб чиқарувчиларнинг ижтимоий тармоқларига асосланиб хабар бермоқда.
Токенларни тарқатишда фақат 131 миллион киши иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шундай бўлсада, улардан 30,6 миллион фойдаланувчи белгиланган муддат тугагунга қадар маблағларни ечиб олиш усулини танлашга улгурмади. Бу эса улар 26 сентябрга режалаштирилган листингдан кейин ўз HMSTR тангаларидан фойдалана олмаслигини англатади.
Режага кўра, 100 миллиард умумий ҳажмдан 75 миллиард токен жамият аъзолари ўртасида тақсимланади. Ушбу сумманинг 60 фоизи биринчи мавсумдан сўнг тарқатилади. Бунинг 88,75 фоизини ўйинчилар дарҳол, қолган 11,25 фоизини эса листингдан 10 ой ўтгач қўлга киритади. Қолган 15 фоизи иккинчи мавсум давомида тақсимланади.
Премаркетда битта HMSTR токенининг нархи тахминан 0,01 долларни ташкил этмоқда (2024 йил 23 сентябрь куни курси бўйича бир рублга яқин). Ҳамстер Комбат иловасида криптовалюта ишлаб топиш мумкин бўлган сўнгги кун 21 сентябрь бўлди.