/
/
iOS 18: iPhone операцион тизимида қандай янгиликлар бор?
16.09.2024

iOS 18: iPhone операцион тизимида қандай янгиликлар бор?

Бугун Apple компанияси июн ойида тақдим этган iOS 18'нинг фойдаланувчи версиясини чиқармоқда. Янгиланиш iPhone ХС ва Хр моделларидан бошлаб, шунингдек, ундан кейинги барча янги авлод қурилмалари учун ҳам мавжуд бўлади. Биз iOS 18'даги асосий ўзгаришлар тўпламини тайёрладик.

 

Муаллиф
iOS 18: iPhone операцион тизимида қандай янгиликлар бор?

Apple Intellegence

Apple ўз қурилмаларининг ақлли фишкалари ҳақида гапирар экан, "сунъий интеллект" иборасидан қочади. Ҳатто сунъий интеллект деб аталадиган АИ (сунъий интеллект) қисқартмаси ҳам Apple Intellegence сифатида талқин қилинади.

iOS 18 да АИ билан муҳим хусусият бор: фақат iPhone 15 Pro / Pro Max ва бир неча ҳафта олдин тақдим этилган iPhone 16 нинг бутун линияси қўллаб-қувватланади. Компаниянинг бошқа смартфонларида, жумладан, оддий iPhone 15 ва iPhone 15 Plus’да сунъий интеллект жорий қилинмаган.

Apple Интеллигенcе iOS'нинг кўплаб функцияларига сингиб кетган. Масалан, у ёзилган матнни қайта ишлашда ёрдам беради, контентдан хулосалар чиқаради, билдиришномаларни умумлаштиради ва фойдаланувчига кирувчи хабарлар ҳамда хатлар ҳақида асосий маълумотларни тақдим этади. Сўнгги хусусият кўп билдиришнома оладиган кишилар учун жуда фойдали бўлади.

Бундан ташқари, АИ ноёб тасвирлар - Genmojis яратиш қобилиятига эга. Расмлар сизнинг матнли тавсифларингиз асосида яратилади, шу билан бирга фотосуратларни ўзгартириш ҳам мумкин - айтайлик, расмдаги ортиқча объектни олиб ташлаш имконияти мавжуд.

Дарҳол махфийлик масаласи кўтарилади: сунъий интеллект амалда смартфонингизда сақланган барча маълумотларни қайта ишлайди. Аммо Apple компанияси таъкидлашича, шахсий маълумотлар ҳеч қаерга узатилмайди ва ҳисоб-китоблар контентни серверга юбормасдан iPhone'нинг ўзида амалга оширилади.

Янги Siri

Овозли ёрдамчи анча ақлли бўлди ва сўровларга илгаригидан кўра табиийроқ жавоб беради. Siri контекстни яхшироқ тушунади ва мос равишда жавоб беради. Шунингдек, ёрдамчи билан матн орқали мулоқот қилиш мумкин, илгари у фақат овозли буйруқларни таниган.

Siri’га OpenAI компаниясининг энг шов-шувли генератив сунъий интеллект (GenAI) модели - ChatGPT интеграция қилинган. Бу ёрдамчи билан ишлаш тажрибасини яхшилаши кутилмоқда.

Меню созламалари

Бу ерда Apple Android’ни қувиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Google операцион тизимли смартфонлар аллақачон меню дизайнини хоҳлаганча ўзгартиришга имкон берарди, энди эса ниҳоят iOS учун ҳам бу имконият яратилди. Янги операцион тизим билан иловалар иконкаларининг рангларини ўзгартириш, уларни исталган тартибда жойлаштириш ва бошқа шу каби амалларни бажариш мумкин. Дизайн масаласида тизимнинг ўзи ёрдам беради: у ўрнатилган фон расмига мос келадиган иконкалар ранг палитрасини таклиф этади.

Блоклаш экрани ҳам ўзгаради. Фонарни ёқиш ва камерани фаоллаштириш учун мўлжалланган доимий тугмаларни бошқа функцияларга алмаштиришнинг имкони пайдо бўлади. Иловалар ва тизим созламаларига тезкор киришни таъминловчи панел ҳам мослаштирилади: белгиларни экраннинг пастки қисмига силжитиш мумкин бўлади. Бу, айниқса, Pro Max моделларида экран ўлчамларининг катталиги туфайли (аввал 6,7 дюйм, 16 Pro Max дан бошлаб эса 6,9 дюймгача) жуда қулай бўлади.

Суратлар

iOS 18 янгиланган дизайн ва фотогалерея функциясига эга бўлади. Муайян тоифалар бўйича суратлани тўплайдиган "Тўпламлар" бўлими пайдо бўлади: одамларнинг гуруҳли расмлари, саёҳатлар, ҳайвонлар, яқинда туширилган фотосуратлар ва скриншотлар.

Шу билан бирга, асосий бўлимларга тез кириш имконияти билан бутун медиа-кутубхонани кўриш режими ҳам ишга туширилади. Бундан ташқари, iOS 18 да расмлар карусели, севимли суратлар ва геолокацияга боғланган фотосуратлар қайта ишланган.

Хабарлар

Стандарт хабарлар иловаси функционаллиги жиҳатидан Телеграм каби мессенжерларига яқинлашмоқда. Энди хабарни юбориш учун аниқ вақтни белгилаш, матнни ажратиб кўрсатиш (қалин шрифт, тагига чизиш ёки курсив билан), шунингдек анимацияли эффектлардан фойдаланиш мумкин. Ишни осонлаштириш учун тизим ўзи хабарнинг у ёки бу визуал услубини таклиф қилади.

Ниҳоят, тизим RCS – Rich Communication Services қўллаб-қувватловини олади. Бу кенг имкониятли хабар алмашиш формати бўлиб, мультимедиа, жойлашув маълумотлари ва гуруҳли чатларни ўз ичига олади. Шундай қилиб, Андроид смартфон эгалари билан "Хабарлар" асосий иловаси орқали мулоқот янада интерактив ва ранг-баранг бўлади.

Парол бошқарувчиси ва махфийлик

Apple iOS 18 тизимига iCloud булутли хизматида сақланадиган алоҳида пароллар иловасини жорий этади. Бу паролларни қидириш ва яратишни осонлаштиради: илова Apple қурилмалари (iPhone, iPad, Маc) ва Windows тизимларида қўллаб-қувватланади.

Бундан ташқари, ҳар қандай иловага парол ёки Face ID / Touch ID орқали кириш имкониятини ўрнатиш ёки уларни алоҳида яширин папкага жойлаш мумкин - бу папкани фақат фойдаланувчи тасдиқлангандан сўнг кўриш имкони бўлади.

Сафари браузерида контентни сиқиш

Apple'нинг стандарт браузери саҳифадаги маълумотларнинг қисқача мазмунини чиқара олади - бу катта мақолаларни очганда жуда қулай. Сафари маълумотларни таҳлил қилиб, бутун контентни ўқишга вақт бўлмаганда энг муҳим маълумотларни жамлаб беради. Масалан, браузер ресторан ёки дўкон манзилини тез топиб бериши мумкин.

Ўйин режими

Тизим талабчан ўйин ишга туширилганда махсус режимни ёқиш имкониятини беради. Бу ҳолатда ўйин қувватда устуворликка эга бўлади ва барча орқа фон жараёнлари минимал даражага туширилади. Бундан ташқари, AirPods ва симсиз геймпадларга маълумот узатишдаги кечикиш ҳам камаяди.

***

Шунингдек, бошқа стандарт иловаларда ҳам кичик ўзгаришлар бўлади. iOS 18 ўрнатиш учун "Созламалар"ни очиб, "Асосий" бўлимини, кейин эса иккинчи қаторни — "Дастурий таъминотни янгилаш"ни танлаш керак.

Бошқа бўлимлардан материаллар