Jah Khalib, Jony ва Inna Андижондаги мусиқий фестивалда чиқиш қилади
Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтади. Очилиш маросимида Ўзбекистон ва дунё эстрадаси юлдузлари томонидан концерт дастурлари ва чиқишлар намойиш этилади.
Андижонда 29−31 июль кунлари анъанавий II “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтади.
Бу йилги тадбирнинг очилиш маросими 29 июль куни Хонобод шаҳридаги истироҳат боғида бўлиб ўтади. Маросимда Ўзбекистон ва дунё эстрадаси юлдузлари томонидан концерт дастурлари ва чиқишлар намойиш этилади.
Хусусан, очилиш маросимида Ҳамдам Собиров, Юлдуз Усмонова, Dianella (Қозоғистон) ва Jah Khalib (Қозоғистон) иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбирнинг 2-куни, 30 июлда гала-концерт ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, унда машҳур хонандалар Шоҳруххон, Меган (Белгия) ва Jony (Озарбайжон) ўз чиқишлари билан фестиваль меҳмонларининг диққат марказида бўлади.
31 июль куни фестивални якунлаш тадбири ва гала-концертлар бўлиб ўтади. Ушбу дастурда фестиваль меҳмонлари Райхон, “Dj Suhbir” (Ҳиндистон) ҳамда жаҳон юлдузи Inna (Руминия) иштирокидаги мусиқий чиқишлар қилади.
Бундан ташқари, халқаро тадбир доирасида Хонобод шаҳри бўйлаб кўргазмалар ва маданий дастурлар ташкил этилади. Жумладан, фестивалнинг ҳар кунида маданий-маърифий чиқишлар, театрлар ҳамда вилоятдаги моҳир ошпазларнинг маҳорати намоён этилган кўргазмалар меҳмонларга ҳавола этилади. Шаҳар бўйлаб саёҳат қилиш истагида бўлган меҳмонлар учун ҳаво шари хизмати ташкил этилган.