Telegramʼда узоқ кутилган функция пайдо бўлади
Telegram асосчиси ва раҳбари Павел Дуров мессенжердаги яқин келажакда кутилаётган ўзгаришлар билан бўлишди.
Унга кўра, яқин орада хабар юборилганидан кейин унга медиа-файл қўшиш имконияти пайдо бўлади.
Дуров ўзининг Telegram каналида иловани яхшилаш борасида киритган 10 та таклифи жамоа томонидан қанчалик тайёрлангани ҳақида ёзиб, улар айнан қандай функциялар эканига аниқлик киритди.
«Мен Telegram жамоасини яхши кўраман. Кечагина иловаларимизни яхшилаш борасида 10 та янги таклиф бердим. Ўша куннинг ўзида уларнинг нусхалари тайёр бўлди, энди эса мазкур функциялар амалга оширилган тўлиқ функционал тузилмалар мавжуд», — деб ёзди у.
Бу янгиланишларда ҳадяларга 5 та, ҳештегларга 3 та яхшиланиш, хабар юборилганидан кейин унга медиа қўшиш имконияти ва хабар таҳрирланган вақтни кўриш имконияти мавжуд.
«Ҳаммаси бир кунда. Telegram жамоаси кўпчилик хабар алмашиш иловалари қандай ишлашини шакллантиргани ажабланарли эмас ва бу мулоқотдаги деярли барча янгиликларга ҳисса қўшади», — деди у.