2024 йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлди — тадқиқот
Йил давомида ўртача ҳарорат саноатдан олдинги даврдан 1,5 даражага ошиб кетди.
2024 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлди, бу ҳақда Европа комиссиясининг Ер ҳолатини доимий кузатувчи Copernicus дастурига таяниб Anadolu хабар берди.
Ҳисоботга кўра, 2024 йил 1850 йилдан бери рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлди. Ўртача глобал ҳарорат 15,1 даражани ташкил этди, бу 1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,72 даражага ва аввалги рекордчи 2023 йилга нисбатан 0,12 даражага юқори.
Шундай қилиб, 2024 йил 1850-1900 йилларни қамраб олган «саноатдан олдинги давр» ўртача кўрсаткичи 1,5 даражага ошган биринчи йил бўлди. 2023 йилда бу ўртача кўрсаткичдан 1,48 даражага ошган эди.
2024 йил 22 июлда ўртача кунлик глобал ҳарорат бўйича янги рекорд 17,16 даражага етди. 2024 йил январидан июнигача ҳар ой ўтган йилнинг шу ойига нисбатан иссиқроқ бўлди. 2024 йил ёзи ҳам тарихдаги энг иссиқ фасл бўлди.
«Барча халқаро глобал ҳарорат маълумотлари 2024 йил 1850 йилдан бери энг иссиқ йил бўлганини кўрсатди. Инсоният ўз тақдири учун жавобгардир, аммо иқлим ўзгаришига қандай муносабатда бўлишимиз далилларга асосланган бўлиши керак. Келажак ўз қўлимизда», деди Карло Буонтемпо, Copernicus дастурининг Иқлим ўзгариши бўйича хизмати директори.