Юлдуз Ражабова шахсий ҳаётига оид сирни очиқлади
Таниқли актриса ҳаётида доим нимадан қийналгани ва кучли оғриқни ҳис қилгани ҳақида батафсил гапириб берди.
Актриса Юлдуз Ражабова бошловчи журналист Турсуной Алимовага берган интервьюсида қалб кечинмалари билан ўртоқлашди.
Сўнгги уч-тўрт йил ичида, мен эмас, балки ижтимоий тармоқларда ҳаётим ҳақида кўпроқ биладиган инсонлар бордек туюлди. У пайтда жуда оғир аҳволда эдим. Шу нарсани тушуниб етдимки, агар қиз бола туғилганиданоқ отаси ёки акаси унга севги қандай бўлиши кераклигини кўрсатмаса ёки меҳр бермаса, аёл севги қандай бўлишини билмайди, дейди актриса.
Унинг айтишича, меҳр кўрмаган қиз эртами-кечми келин бўлганида, эҳтимол турмуш ўртоғи унга қўл кўтарса, буни нормал ҳолат деб ўйлайди. Ҳозир у ўзини хафа қилган нарсалар билан яна бир бор юзлашяпти ва такрор оғриқларни ҳис қиляпти. Уни «Нимага ўшанда ўзимни ҳимоя қила олмадим?» деган савол қийнамоқда.
Назаримда кечирилмайдиган хатолардан бири — бир инсоннинг ҳаётини, турмуш тарзини, тарбиясини ёки фикрларини ўзига мос қилиб ўзгартириш ҳаракатидир, деб ўйлайман. Мисол учун, сизнинг бошингиздан ўтган нарсани мен ҳис қилолмайман. Мен фақат эшитишим ва уни сал бўлса ҳам ҳис қилиб кўришга ҳаракат қилишим мумкин, дейди Ражабова.
Лекин мен агар ўз хоҳишим билан сизни ўзгартирмоқчи бўлсам, бу бир инсоннинг ҳаётига рухсатсиз кириш бўлади. Тасаввур қилинг, сиз бир инсон учун ўзлигингиздан воз кечяпсиз. Агар ўша инсонга керак бўлмай қолсангиз нима бўлади?
Мен инсонларнинг кўнглини олиш учун ўзимни йўқотиб қўйганимни ҳис қилдим. Бу менга ҳаловат бермади. Улар билан жисмонан яқин эдим, бироқ қалблар орасидаги масофа машриқ билан мағриб оралиғигача эди, дейди Юлдуз Ражабова.