Тошкентликларнинг ўртача иш ҳақи 2024 йилда 9 миллион сўмгача ошди
Статистика агентлиги Ўзбекистон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2024 йил учун ўртача номинал ойлик иш ҳақи кўрсаткичларини эълон қилди. Маълумотларда кичик тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалиги субъектлари ҳисобга олинмаган.
Номинал ҳисобланган иш ҳақи — жисмоний шахсларнинг ёлланма ишчи ходим сифатида муайян вақт (соат, ой, йил) даврида ишлаб чиқарган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) учун иш берувчи томонидан ҳисоблаб чиқарилган, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқларни ва бошқа тўловларни ўз ичига олган ҳақ тўлаш тарзидаги ҳисобланган даромадлари.
Маълум қилинишича, 2024 йилда мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи 17,4 фоизга ошиб, 5 357 200 сўмни ташкил этган. Ўтган йиллар кўрсаткичлари:
- 2023 йил — 4 561 900 сўм;
- 2022 йил — 3 882 200 сўм;
- 2021 йил — 3 214 800 сўм;
- 2020 йил — 2 673 300 сўм.
Қайд этилишича, 2023 йилга нисбатан энг юқори ўсиш пойтахтда кузатилган. Унга кўра, ўртача иш ҳақи 21,4 фоизга ошиб, 9 072 400 сўмни ташкил этди. Тошкент вилоятида иш ҳақи 12,2 фоизга ошиб, 5 097 900 сўмни ташкил қилган.
Агентлик ҳисоботида қайд этилишича, мамлакатда энг юқори ойлик маошлар иқтисодий фаолиятнинг «ахборот ва коммуникациялар» соҳаси «компьютер дастурлари, консалтинг ва бошқа тегишли хизматлар» йўналишида бўлиб, 18 миллион 288,6 минг сўм ҳисобланади.
Даромадлар бўйича иккинчи ўринда «суғурталаш, қайта суғурта қилиш ва мажбурий ижтимоий суғуртадан ташқари пенсия жамғармаларининг фаолияти» йўналишидаги «банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилиги» фаолияти бўлган. Уларнинг маоши 17 848 500 минг сўмгача бўлган.