2024-йилнинг тўй маросими трендлари: тўйни чиройли ва унутилмас ўтказиш бўйича тавсиялар
Тўй мавсумида ўзингизнинг ёки таклиф этилган тўйга қандай тайёргарлик кўриш кераклиги бўйича йўриқнома туздик. Гулдасталар, тўй соч турмаги, макияж ва маникюр, келинлик либоси ва ҳаётдаги асосий тадбирлардан бирини ташкил этишда сизга албатта керак бўладиган бошқа нарсалар ҳақида батафсил айтиб ўтамиз.
2024-йилда тўй либослари трендлари
Бу йилги тўй мода тенденциялари рўйхати классик оппоқ, қаймоқли ва фил суяги рангли либосларни ўз ичига олади, асосий эътибор эса тўр, гуллар ва кутилмаган кейп, яъни елкага ташлаб қўйиладиган накидкалар бўлди. Келинг, ушбу мавсумда энг замонавий келинлик либослари қандай кўринишга эга бўлиши кераклигини кўриб чиқамиз.
Букет кўйлак
Гуллар тўй модасининг классикаси экани шубҳасиз, албатта. Умуман олганда ёз фаслидаги тўй романтикага бурканган ўзгача гўзал маросимлар мажмуидир. Шунинг учун дизайнерлар бу борада асосий эътиборни гулга қаратиши бежиз эмас. Келинлик либосининг этагидан тортиб ёқасигача гулли аппликация билан безатилишида қанчалар кўп романтика ва нафислик мужассамлигини айтмайсизми.
Тўрли кўйлаклар
Гарчи баъзи одамлар тўрли кўйлакларни унча хуш кўришмаса-да, биз тўй модасининг анъанавий ва ҳамма вақтларнинг трендллари бўлган бу турдаги келинлик либосларининг тарафдоримиз. Бунинг далили сифатида машҳур дизайнерларнинг ўзига хос дизайндаги тўрли кўйлакларини кўриб, ўша тўрни ёқтирмайдиганлар фикрларини ўзгартирсалар ажаб эмас.
Минимализм
“90-ларнинг минималистик” машҳур тенденцияси нафақат модага ишқибоз аёлларнинг гардеробларида, балки 2024-йилнинг тўй модасига ҳам айланди. Бу ҳаммага маъқул келмоқда! Ортиқча безаклар ва мураккаб бичимларсиз, универсал, қоматни таъкидлайдиган либослар – замонавий келинларнинг энг кўп талаблари ҳисобланмоқда. Бундай минималистик услубдаги кўйлакларнинг яна бир афзалликлари уларнинг қулай тузилиши сабаб нафақат тўй маросимларида, балки бошқа зиёфатларда ҳам кийиш мумкинлиги.
Асосий безаклардан бири – бантик
Мода саноати бантиклардан фаол фойдаланишда давом этмоқда. Ҳозирда бантикларни ҳамма жойда – сумкалардан тортиб маникюргача, соч турмагидан тўй либосларигача учратиш мумкин. Келажакда ҳам улар трендда бўлишига дизайнерларнинг янги тўпламлари бунга далил бўлмоқда – “Rotate” бренди бантни юрак ёнида ёки белни таъкидлаш учун фойдаланишни таклиф қилади. Аммо сиз бу трендни ўзингизга мос тарзда ўзгартиришингиз ҳам мумкин.
Кейпли (елкага ташлаб қўйиладиган накидка) кўйлак
Агар сиз оригинал кийинишни истасангиз ёки Эмма Стоуннинг “Шўрлик бахтсизлар” фильмидаги либослари сизга ёққан бўлса (айтганча, костюм дизайнерлари Оскар мукофотини қўлга киритган), у ҳолда сизга кейпли тўй либоси варианти албатта ёқади. Бундан ташқари, накидкани ўзингизга ёққан исталган безак – гуллар, бисерлар, тошлар, патлар, миллий нақшлар билан безашингиз мумин. Иккита трендли кўйлак: “Amsale” бренди бантиклари билан кейпли накидкага нима дейсиз?
2024-йилнинг тўй соч турмаги, макияж ва маникюр
Соч турмаги, макияж ва маникюр келинчак образида эътибордан қолдириб бўлмайдиган муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлардаги ҳар кимга ҳам тўғри келмайдиган трендлардан фойдаланишни маслаҳат бермаймиз, ундан кўра доим модада бўлган классик услубга диққатингизни қаратмоқчимиз. Аммо у ҳам ўзгаришларга мойил, шунинг учун тавсияларимизда лак билан ёпиштирилган гуллар, кўзни оппоқ тенлар билан бўяш ва бошқа аллақачон модадан қолган трендлар йўқ.
Тўй макияжига келсак, бу ерда ҳам аниқ бир қоида мавжуд эмас. Асосийси, ғайриоддий ва ҳаддан ташқари ёрқин макияждан қочиб, кўп соатлар давомида туриб берадиган ва ўзингизни иложи борича қулай ҳис қилишингизга ёрдам берадиган макияж бўлиши керак. Турли янгича образларни ўзингизда синаб кўришни ёқтирасизми? Образингизга мос келадиган ва табиий гўзаллигингизни таъкидлайдиган классик босиқ макияж ёки фантазияли афсонавий макияжми – бу сизга боғлиқ.
Тўй макияжи узоқроқ туриши учун эса стилистлар юзингизни яхшилаб тайёрлашни (тозалаш, намлаш), турли макияж қатламларини қўллашдан қўрқмасликни (база, тонал креми, пудра) ва энг асосийси – тўй макияжини олдиндан бир ўзингизда синаб кўришни маслаҳат беради. Ахир, сиз косметикани терингизга қандай таъсир қилишини ҳамда сизга ёққан суратдаги образ айнан сизга қандай кўринишини била олмайсиз.
Тўй маникюрини қилишдан олдин сизга айтмоқчи бўлган асосий маслаҳатимиз – янги услубларни тўй маникюрига қилиб кўрманг. Ишончингиз комил бўлган маникюр устасини танланг. Янги шакллар ва дизайнларни танламасдан, нафис ҳамда тўй кўйлагингиз ва макияжинигзга мос келадиган услубни танлашингизни тавсия қиламиз.
Тўй маникюри трендлари ҳам ёруғлик тезлигида ўзгариб туради, аммо “френч” ва бир рангдаги “нюд” услуби энг севимли маникюр бўлиб қолмоқда. 2024-йилда гуллар, тўр, турли ўлчамдаги тошчалар ёки марваридлардан фойдаланган ҳолда ўзига хос услубли маникюр қилишингиз мумкин. Шу йили яна бир тренд “втирка” услуби ҳам тўй маникюри учун ажойиб танлов бўлади.
2024-йилнинг тўй гулдастаси трендлари
Замонавий келинлар орасида қандай гуллар энг катта талабга эга ва келинчакнинг ҳар бир дугонаси қандай гулдастани тутиб олишни орзу қилишини билиб оламиз.
Минималистик ва ихчам
Келиннинг бутун образини тўсиб қўймайдиган ва қўлда тутиш осон бўлган гулдасталар ҳозир трендда. Шунинг учун катта композицияларни танламанг, улар аллақачон модадан қолган.
Табиий гулдасталар
Табиий кўринишга эга бўлган гулдасталар кўп йиллардан бери тўй мавсумининг трендига айланиб бормоқда. Флористларнинг таъкидлашича, тўй гулдасталарини тузишда қанча кўп табиийлик бўлса, шунча яхши. Бу ҳатто сизнинг севимли оддий ромашка гулларидан тайёрланган гулдаста бўлса ҳам жуда ажойиб кўринишга эга бўлади.
2024-йил тўйларга қандай гулларни совға қилиш яхшироқ?
Ҳозирги кунда боғ гуллар, пионлар, ранункулюс каби гуллар доимий равишда тўйларда совға қилинадиган гуллар ҳисобланади. Уларнинг барчасини Instagram саҳифалари ва машҳурларнинг суратларида кўп кўриш мумкин.
Уларга қўшимча тарзда нозик, узун пояли алстромерия, нилуфар ва бошқа гулларни ҳам ҳадя қилсангиз бўлади.
Тўй гулларининг яна бир тренди ёввойи, дала ва боғларда ўсадиган ромашка, гулидовуд ва сирен – мавсумий гулларни совға қилиш яхши анъанага айланмоқда.
2024-йил тўйларининг асосий трендлари:
Дунё бўйлаб тўйларда учрайдиган трендлар.
- Стилистик тўйлардан узоқлашиб, классикага қайтиш. Боҳо, рустик ёки Гетсби зиёфатлари эндиликда модадан қолмоқда, бунинг ўрнига ҳамма ўзича оригинал тарзда тўй маросимини ўтказишни истамоқда.
- Ёшлар декорация учун ностандарт ғоялар: имкон қадар ёрқин, улкан фото зоналар ва ёрқин деталлар ёки бунинг акси – сокин ранглар, минималистик идишлар билан безатилган столлар ва табиий материалларни танлашмоқда. Асосий эътиборни сифатга қаратинг!
- Жудаям ғайриоддий тўй зиёфатини ташкил этишни хоҳловчилар эса кечки зиёфатни кутубхона, хусусий галерея, отхона, хўжалик ҳовлиси ва ҳатто завод омборхонасида ўтказишлари мумкин!
- Маросимни ўтказиш жадвали ҳам ўзгармоқда: баъзилар бир-бирларига аҳду-паймон бериш маросимини кундузи эмас балки кечқурун – қуёш ботиш арафасида ўтказишни афзал кўрмоқда.
- Тўй тадбирларига ижодий ёндашув ҳозир урфда. Баъзи келин-куёвлар тўйларида машҳур қўшиқчилиар эмас, балки уларнинг яқин дўстлари ижро этишини ёки яқинлари билан биргаликда қандайдир қизиқарли шартлар бажариб тўйни ўтказишни хоҳлайди. Ўзига хос тўйни ташкиллаштиришда ҳеч иккиланманг, ахир бу сизнинг орзиқиб кутган кунингиз, қолаверса ким билади дейсиз, балки тўйингизда қўллаган қизиқарли бир иш кейинчалик трендга айланиб қолиши мумкин.