Президент Onix, Tracker ва Sonet автомобиль моделлари бўйича топшириқ берди
Андижон вилоятидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 1,8 минг гектар ернинг тоифаси ўзгартирилади.
Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Вилоят туманларида олиб борилган ўрганишлар давомида бир қатор таклифлар аниқланган. Масалан, Олтинкўл ва Жалақудуқдаги 600 гектарда хитойлик инвесторлар томчилаб суғориш орқали қалампир етиштириб, қайта ишлаш лойиҳасини бошлаган. Бу орқали гектаридан 15 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш ҳисоб-китоб қилинган.
Пахтаободда БАА компанияси билан ҳамкорликда 470 гектарда гилос ва резавор мевалар етиштириш йўлга қўйилган. Тадбиркор инвестиция мажбуриятини ўз вақтида бажараётгани учун давлатдан инфратузилма қилиб беришни сўраган. Вилоятдаги 4та паррандачилик корхонаси фаолиятини тиклаб, эҳтиёжманд оилалардаги 650 нафар одамни ишга олиш имконияти аниқланган.
Асакадаги ADM Electrics корхонаси автомобиллар учун 28 турдаги сим ўтказгич ва мультимедиа тизимларини ишлаб чиқаради. Onix, Tracker, Kia Sonet каби моделларда маҳаллийлаштириш кенгайтирилса, корхонанинг қуввати ва даромади ошиши қайд этилди.