Toping.uz`да афиша: Дилроза дам олиш кунларида қаерларга боришни ёқтиришини айтди
Қишнинг иккинчи ойи бўлган январнинг иккинчи ҳафтаси ҳам якунига етмоқда. Пойтахт кўчалари қишга хос бўлган тунд рангда, ҳаво эса бироз илиқ. Блогер Дилроза билан кумуш қишдаги Тошкент ҳақида суҳбат олиб бордик.
Ҳордиқ
Мен асосан Tashkent City`да юраман. Чунки ишим шу ерда. Ҳар куни шу ҳудудда бўламан. Мустақиллик майдони, Анҳор боғи томонларда юришни ёқтираман.
Энг кўп ёқадиган манзил эса Космонавтлар метро бекатидан чиққандаги Мовий гумбазлар боғидир. Бу боғ атмосфераси жуда ҳам ёқади.
Кино
Авваллари театрга қизиқмасдим. 2024 йил ёзида Tashkent City`да ташкил этилган амфитеатрга кирдим. Шундан сўнг бу санъат турига нисбатан фикрим тўлиғича ўзгарди. Авваллари театрни зерикарли жой деб ўйлардим.
Кино томоша қилишни ёқтираман. Асосан кинотеатрларда янги чиққан фильмларни томоша қиламан. Бунинг учун Next савдо мажмуаси яқинида жойлашган На крыше кинотеатрини танлайман.
Таом
Мен миллий таомлар шайдосиман. Айниқса, уйда тайёрланган овқатларни севаман. Лекин ҳар кун ишда бўлганим учун асосан фастфуд ёки енгил ҳазм бўладиган овқатларни истеъмол қиламан.
Энг кўп Embassy Burger кафесига бораман. Бундан ташқари, Tashkent City Mall савдо мажмуасининг тўртинчи қаватидаги Bistecca номли ресторанга ҳам тез-тез бориб тураман.
Харид
Асосан City Mall`дан кийимлар харид қиламан. Ҳар хил дўконларни айланишни ёқтираман. Мажмуада Bershka, Pull&Bear, Zara каби жаҳонга машҳур брендларнинг расмий дўконлари бор.
Аммо одатда кийимларни чет элдан буюртма қиламан. Чунки кўп излаган кийимларимни ўзимиздан топа олмайман. Кийим танлашда унинг рангига ва мато сифатига алоҳида эътибор бериш керак.
Тадбир
Охирги марта Pepsi Фестъда қатнашдим. Бу жуда катта масштабдаги тадбир эди ва менда улкан таассуротлар қолдирган десам, муболаға бўлмайди.
Аммо айни кунларда кўнгилочар тадбирларга боролмаяпман. Иш, тасвирга олиш жараёнлари ва кундалик ташвишлар сабабли бундай масканларга боришга вақт қолмаяпти.