Россиядаги патент имтиҳонларига тайёргарлик кўриш имконияти яратилди


Фойдаланувчилар намунавий тест синовлари орқали рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича билимларини бепул баҳолашлари мумкин.
Миграция агентлиги Россияда вақтинча ишлаш учун рухсатнома олишга тайёрловчи платформани ишга туширди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатда патент олишнинг асосий шартларидан бири бу рус тили, Россия тарихи ва қонунчилигига оид тестлардан муваффақиятли ўтиш ҳисобланади.
Платформа Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган фуқароларга имтиҳонларга тайёрланиш имконини беради.
Бунинг учун намунавий синов тестлари ишлаб чиқилган бўлиб, улар ёрдамида рус тили бўйича билимларни баҳолаш ҳамда имтиҳон саволлари билан танишиш мумкин.
Бундан ташқари тест натижалари асосида қайта тайёргарлик кўриш мумкин бўлади. Хусусан, платформада қуйидагилар бўйича тест намуналари келтирилган:
- эшитиб тушуниш;
- ўқиш ва ёзиш;
- лексика ва грамматика;
- Россия тарихи;
- Россия қонунчилиги асослари.
Олти босқичли тестлардан ўтгач, фойдаланувчиларга тўғри жавоблар тақдим этилади.
Платформадан ҳавола орқали бепул фойдаланиш мумкин.