Эшак гўштини истеъмол учун ишлатиладиган гўшт тоифасига киритиш назарда тутилмагани маълум бўлди
Палата спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиевнинг маълум қилишича, бундай тушунмовчилик палата томонидан тарқатилган матбуот хабарномасидаги таҳририй хато туфайли келиб чиққан.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Одилжон Тожиев ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонун билан боғлиқ тушунмовчиликка изоҳ берди.
Аввал хабар берилганидек, бугун, 17 сентябрь куни Қонунчилик палатаси «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Одилжон Тожиевга кўра, қонун лойиҳаси Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачилик қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жорий йилнинг 5 август куни қонун ташаббускори томонидан Қонунчилик палатасига киритилган.
Қонун лойиҳаси билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парвариш қилинадиган) ва урчитиладиган уй ҳайвонлари — қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит ва мушукларнинг идентификация қилиниши (визуал ёки электрон биркаларни ҳамда электрон микрочипларни ҳайвонларга ўрнатиш) назарда тутилган.
Таъкидланишича, лойиҳани кўриб чиқиш жараёнида депутатлар томонидан эшак, ит ва мушукнинг идентификация қилинишининг асослилиги бўйича эътирозлар билдирилган. Эътирозлар қонун ташаббускорлари томонидан қабул қилиниб, лойиҳа биринчи ўқишда маъқулланган тақдирда, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида олиб ташланиши қайд этилган.