Тошкентнинг яна еттита кўчасида автобус йўлаклари пайдо бўлади
«Тошшаҳартрансхизмат» пойтахт йўлларида ташкил этилган автобус йўлакларининг самарадорлиги ҳақида маълумотлар билан бўлишди.
Қайд этилишича, ажратилган йўлаклар пайдо бўлиши натижасида ушбу кўчаларда қатновчи автобусларнинг ўртача тезлиги 18 км/соатдан 24 км/соатга ошган ва 29 фоизга яхшиланган.
Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳар куни махсус автобус йўлакларидан фойдаланадиган 600 000 дан ортиқ йўловчилар учун кунига 100 000 соат тежайди.
Ҳозирда мавжуд бўлган 53 километр автобус йўлакларидан ташқари, яна еттита кўчада умумий узунлиги 18 километр бўлган автобус йўлаклари жорий этиш режалаштирилган. Янги автобус йўлаклари ажратилиши режалаштирилган кўчаларнинг вақти ва номлари эълон қилинмаган.