Ўзбекистон ва Озарбайжон ID-карталарни ўзаро тан олиши мумкин


Томонлар мамлакатлар чегараларидан ID-карталар орқали ўтиш имкониятини яратишни муҳокама қилмоқда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Бу бўйича мамлакат элчихонасида иккита мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди. Унда томонлар икки давлат фуқароларининг ID-карталарини чегарадан ўтиш учун расмий ҳужжат сифатида тан олиш имкониятини муҳокама қилди.
Мазкур қадам фуқаролар ҳаракатини соддалаштириш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириши қайд этилди. Шунингдек, томонлар бу саёҳат қилиш қулайлигини оширишини ва мамлакатлар ўртасидаги интеграцияни яхшилашини кутмоқда.