Швейцарияда Гулнора Каримова ноқонуний орттирган маблағлар тақдири қандай ҳал қилинмоқда?
Швейцарияда 12 йилдан ортиқ вақтдан бери Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли юзлаб миллион франклар музлатиб қўйилган. Бу ҳозирги кунда нуфузли шахсларнинг ноқонуний орттирилган маблағларини музлатиш, мусодара қилиш ва қайтариш бўйича энг йирик ҳолатдир.
Швейцария федерал кенгаши ушбу вазият учун танланган ечим — БМТ ҳомийлигида ташкил этилган Швейцария-Ўзбекистон траст фонди келажакда маблағларни қайтаришда намуна бўлишига умид қилмоқда. Мазкур траст фондга 2012 йил ёзида Женева ва Сюрихдаги банк ҳисобрақамларидан олиб қўйилган тахминан 800 миллион Швейцария франкидан 131 миллион доллари ўтказилган.
Бу маблағнинг 95 миллион долларга яқини аллақачон ўтказиб берилган. Чақалоқлар ўлимини камайтиришга қаратилган соғлиқни сақлаш соҳасидаги дастлабки лойиҳа учун 43,5 миллион доллар сарфланди. Таълим соҳасидаги лойиҳага эса яна 23,5 миллион доллар йўналтирилди. Бу эса биринчи траншдан тахминан 28 миллион доллар ҳали ўзлаштирилмаганини англатади.
Федерал ташқи ишлар департаменти маълумотларига кўра, фондни бошқариш қўмитаси ҳали ҳам ундан мақсадли фойдаланишни муҳокама қилмоқда. Шу сабабли Швейцария Бош прокуратураси томонидан икки йилдан ортиқ вақт олдин қонуний равишда мусодара қилинган яна 230 миллион доллар маблағнинг ҳанузгача траст фондига ўтказилмагани муаммо туғдирмаяпти.
Бунинг учун Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида яна бир тақсимлаш битимини тузиш зарур. Федерал адлия бошқармаси мусодара қилинган активлардан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги федерал қонун асосида Ўзбекистон билан музокаралар олиб бориши керак. 2018 йил май ойида Федерал кенгаш Каримова иши бўйича қонуний мусодара қилинган барча активлар тўлиқ қайтарилиши ҳақида қарор қабул қилганди.
Федерал Адлия бошқармаси Ўзбекистон билан мулк тақсимотига оид иккинчи битимнинг кечиктирилиши сабабларига изоҳ беришни истамади. Федерал ҳукумат адвокатлари биринчи келишувни оммага эълон қилишга қарши чиққан.
Швейцария Бош прокуратураси мусодара қилмоқчи бўлган яна 350 миллион Швейцария франкига келсак, Федерал жиноят суди апелляция палатаси 2022 йил июлда қарорни бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун қуйи судга қайтарган. Ўшандан бери ушбу суд муҳокамаси Гулнора Каримовага қарши суд жараёни якунлангунига қадар тўхтатиб қўйилган.
Бироқ бу ерда ҳам муаммо мавжуд. Швейцарияда ҳанузгача ушбу ишнинг асосий фигуранти бўйича қарор чиқарилмаган. Швейцария Бош прокуратураси 2023 йил центябрда айблов хулосасини тақдим этган бўлсада, Федерал жиноят суди марҳум Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 52 ёшли қизи устидан суд муҳокамасининг санасини ҳали белгиламаган.
Муаммолардан бири шундаки, Каримова Ўзбекистонда қамоқда сақланмоқда. Барча айбловларни рад этаётган айбланувчининг асосий суд мажлисларида иштироки қандай таъминланади?
Федерал Адлия бошқармасига кўра, одатда қидирув эълон қилинган шахсни вақтинчалик экстрадиция қилиш мумкин. Бироқ, суд жараёнида қатнашиш мақсадида бундай экстрадиция учун сўров қилинаётган давлат аллақачон экстрадицияга рухсат берган бўлиши керак.
Федерал жиноят суди бир неча ойдан бери ўзаро ҳуқуқий ёрдам каналлари орқали Ўзбекистон ҳукумати билан алоқада бўлиб келмоқда. Бироқ гап экстрадиция ҳақида эмас, балки далиллар тўплаш ҳақида бормоқда. Суд ишни Ўзбекистонга ўтказиши мумкинми, деган саволга суд бош котиби Эстел де Люзе бир неча кишини сўроқ қилиш ҳақида гап кетаётганини айтди. Шундан сўнг суд муҳокамасини Швейцарияда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ҳозирча сана белгиланмаган.