Блогер Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан суд ҳукми ўқилди
Бугун, 29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида «Star Med Centr» хусусий клиникаси шифокорлари — отоларинголог А.Х. ва анестезиолог-реаниматолог Ж.Қ.га нисбатан очилган жиноят иши бўйича биринчи инстанция суди ўз якунига етди.
Суд жараёни аввалроқ блогер Фарҳод Манноповнинг вафоти билан боғлиқ ҳолатни тергов қилиш натижасида судга оширилган эди. Натижада, Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) бўйича А.Х. ва Ж.Қ. айбсиз деб топилиб, оқланди.
Аммо, Жиноят кодексининг 116-моддаси (касбий вазифаларни лозим даражада бажармаслик) 3-қисми бўйича айбдор деб топилиб, суд уларнинг ҳар бирини 2 йил муддатга тиббиёт соҳасида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳукм қилди. Бундан ташқари, А.Х. ва Ж.Қ.га 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, Ж.Қ. учун 62-модда асосида ҳисоб-китоб қилиниб, у 3 йил 6 ой 27 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди. Суд ҳукми устидан тарафларга Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳукм ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.