ChatGPT Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди


ChatGPT ишлаб чиқувчиси бўлган OpenAI сунъий интеллект компанияси Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди. Ўзбекистонликлар ундан 2023 йилнинг ноябрь ойидан буён фойдаланиб келмоқда.
ChatGPT ишлаб чиқувчиси бўлган Американинг OpenAI сунъий интеллект компанияси Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди, дея хабар бермоқда Spot.
8 апрель куни компания Солиқ қўмитасининг электрон хизмат етказиб берувчиларнинг махсус платформасида рўйхатга олинди.
Шу билан бирга, АҚШнинг DigitalOcean булутли хизматлар провайдери ҳам электрон хизматлар етказиб берувчиси сифатида қўмитада ҳисобга олинди.
Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий интернет-компаниялари сони 67 тага етди. 2025 йил бошидан жами 7 та компания солиқ тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган.
ChatGPT — бу OpenAI томонидан яратилган сунъий интеллект асосидаги мулоқот тизими бўлиб, у биринчи марта 2022 йилнинг ноябрида тақдим этилган. У фойдаланувчиларга турли хил топшириқларни бажаришда, маслаҳатлар беришда ва умумий саволларга жавоб топишда ёрдам беради.