Ўзбекистонда айрим фуқароларга бепул электромобил берилади


Экологик ҳаёт тарзига амал қилаётган фуқаролар учун очиқ танлов асосида электромобил берилади. Шунингдек, аҳолининг ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларга инфратузилмани яхшилаш учун 500 миллион сўм ажратилади.
Президент фармони билан 2025 йил учун давлат дастури тасдиқланди. Ушбу лойиҳанинг дастлабки вариантлари жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилганди.
Ҳужжатда «Экофаол фуқаро» ҳаёт тарзини оммалаштириш мақсадида «Бир миллион яшил оила» умуммиллий ҳаракати ташкил этилиши белгиланди. У қуйидаги тамойиллар асосида шаклланади:
- аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини, хусусан, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш;
- велосипед ва экологик транспорт воситаларидан фойдаланишга рағбатлантириш;
- пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш;
- озиқ-овқат исрофгарчилигини олдини олиш;
- сув, газ ва электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш;
- чиқиндиларни саралаш тизимини йўлга қўйиш.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 июнгача ушбу ҳаракат доирасида махсус платформа ишга тушириши керак.
Платформа экотамойилларни ҳаётида амалда қўллаган фуқароларга «Экофаол фуқаро» мақомини тақдим этади. Ушбу мақом эгаларига давлат хизматларидан фойдаланишда 10% чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда имтиёзлар берилади.
Оиладаги барча вояга етган аъзолар «Экофаол фуқаро» мақомини олса, уларга «яшил оила» мақоми берилади. Ушбу мақом эгалари ҳар йили очиқ танлов асосида 14 та электромобилдан бирини ютиб олиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, аҳолининг ярми «яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда «Энг тоза маҳалла» ва «Энг яшил маҳалла» танловлари ўтказилади. Ушбу танлов ғолибларига маҳалла жамғармаси орқали 500 миллион сўм ажратилади.
Ажратилган маблағлар маҳалланинг ички инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланади. Хусусан, йўлларни таъмирлаш, энергия тежамкор ёритиш тизимларини ўрнатиш, болалар ўйингоҳлари ва яшил ҳудудлар яратиш, чиқинди йиғиш майдончалари ва контейнерларни жойлаштириш каби ишларга йўналтирилади.