Фақат қиз фарзандларни тарбиялаётган ўзбекистонлик санъаткорлар (фото)
Баъзан ижтимоий тармоқларда фақат қиз фарзанд кўргани учун аёлидан ранжиган эркаклар ҳақидаги постларга кўзимиз тушиб қолади. Аммо фарзанднинг жинси кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ эмаслиги аллақачон тиббиёт томонидан исботланган.
Ўзбек шоу-бизнеси вакиллари орасида ҳам фақат қиз фарзандни тарбиялаётган машҳурлар бисёр. Улар нолишмайди, аксинча қизларидан фахрланишади.
Юлдуз Ҳамидова
Айни кунларда АҚШда истиқомат қилаётган Юлдуз Ҳамидова ҳам уч нафар қиз фарзандни тарбиялаган. Унинг тўнғич қизи Тошкентда, Фотима ва Зуҳра исмли эгизаклари эса АҚШда яшайди. Актриса ҳам айнан эгизаклари сабаб хорижга кўчиб ўтган. Она ва болалар бир пайтда университетга қабул қилиниб, таҳсил олишмоқда.
Шоҳида Исмоилова
Шоҳида ва Маҳмуд Исмоиловларнинг ҳам уч нафар қиз фарзанди бор. Актриса интервьюларининг бирида куёвлар ҳам ўғил бўла олиши ҳақида айтиб ўтганди.
Турмуш ўртоғимнинг саломатлиги ёмонлашиб қолганида куёвлар ҳам ўғилдек бўлолишини билдим. Уч нафар куёвим ҳам ёнимизда туриб, навбати билан дадамизга қарашди. Ўғлим йўқ, деб ўксинишга ҳожат йўқ, меҳрибон куёвларим бор, дейди актриса Шоҳида Исмоилова.
Муқаддас Холиқова
Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг уч нафар қиз фарзанди бор. Тўнғич қизи Оминахон банкда кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. Зебинисо қизи эса актриса, Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритади. Кенжа фарзанди эса уй бекаси.
Элмурод Ҳақназаров
Таниқли блогер ва сўз устаси Элмурод Ҳақназаров ҳам уч нафар қизни вояга етказяпти. У «Дарё»га берган интервьюсида айнан уч нафар қизи бўлишини орзу қилгани ҳақида айтиб ўтган.
Отабек Муҳаммадзоҳид
Отабек Муҳаммадзоҳиднинг ҳам уч нафар қиз фарзанди ва битта ўғли бор. Уйланмасдан аввал «Менинг ҳам учта қизим бўлса, яхши тарбия бериб, эгасига топширсам» деб ният қилардим. Аллоҳ ўғил берса қувонаман, аммо қизларимнинг борига ҳам шукр қиламан. Чунки дунёда фарзандсиз инсонлар ҳам жуда кўп, деган Элмурод Ҳақназаров.
Зуҳра Ашурова
Актриса Зуҳра Ашурова ҳам икки фарзандни вояга етказган. Тўнғич қизи Мафтуна Ашурова бошловчи ва актриса сифатида фаолият кўрсатади. Кенжа фарзанди Муслима Ашурова эса отаси Қаҳрамон Ашуров каби телевидение режиссори бўлишни маъқул кўрган. Аммо у ҳозирча иш фаолиятини бошлагани йўқ.
Вазира Юнусова
Актриса Вазира Юнусова ҳам уч нафар қиз фарзанднинг онаси. «Дарё»га берган интервьюсида баъзи ҳолларда ўғли йўқлиги сабаб ўксиниши ҳақида айтиб ўтган.
Ўғлим йўқ, ўлсам, тобутимни ким кўтаради, деб кўп ўйлайман. Учинчи қизимни анча йил ўтиб дунёга келтиргандим. Нолишга ҳаққим йўқ, қизларим жуда меҳрибон, дейди актриса Вазира Юнусова.