АҚШ компанияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси активларини бошқаришга жалб қилинди
Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси ва Franklin Templeton Asset Management МЧЖ ХК ўртасида инвестиция активларини бошқаришга оид ишончли бошқарув шартномаси имзоланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу келишув мамлакат иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва халқаро инвесторларни жалб этиш мақсадида тузилганини таъкидлади.
Шартномага мувофиқ, Franklin Templeton жамғармага тегишли бўлган 18 та давлат корхонаси ва тижорат банклари акцияларини бошқариб, уларнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган трансформация дастурларини амалга оширади.
Ушбу трансформация жараёнлари якунлангач, жамғарма бошқарувидаги компаниялар ва банкларнинг акциялари маҳаллий ҳамда халқаро фонд бозорларига чиқарилади.
Бунинг учун Franklin Templeton томонидан давлат корхоналари ва тижорат банклари стратегияларини қайта кўриб чиқиш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, молиявий самарадорликни ошириш, ички аудит ва рискларни бошқариш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади.