«Форрест Гамп» фильмидаги кўпчилик пайқамаган ёки охиригача тушунмаган қизиқарли ҳолатлар
Том Ҳенкс бош ролни ижро этган Роберт Земекиснинг машҳур картинаси кинематография классикаси ҳисобланади. «Форрест Гамп» «Жиноий асар» ва «Шоушенкдан қочиш» фильмларини ортда қолдириб, «Оскар»ни ва турли мамлакатларда яна 35 дан ортиқ мукофотларни қўлга киритади.
Бу мураккаб тагмаънога эга бўлмаган оддий ва тушунарли филмга ўхшайди. Бироқ ижодкорлар филмга кўплаб қизиқарли деталларни қўшган. Уларнинг баъзиларини томошабинлар пайқамаслиги ҳам мумкин. Аммо айнан улар бу асарнинг гениаллигини таъкидлайди.
Форрест пинг-понг ўйнаётганида кўзини умуман пирпиратмайди
Бош қаҳрамон ҳаётнинг турли соҳаларида муваффақиятга эришган. Стол тенниси бўйича у бутунлай юлдузга айланади. Бунинг сири оддий: касалхонада Форрестга бу ўйинни биринчи марта ўргатишганида «ҳеч қачон шарчадан кўзингни узма» дейишади. Гамп одатдагидек маслаҳатни аниқ бажаради.
Айнан шунинг учун ҳам Форрест пинг-понг ўйнайдиган барча саҳналарда Том Ҳенкс бирор марта ҳам кўзини пирпиратмайди — қаҳрамон умуман кўзини тўпдан узмайди.
Форрестнинг урушга қарши нутқи ҳақиқий эди. Лекин оломондан ташқари
Норозилик акцияси пайтида бош қаҳрамондан саҳнага чиқиб, Ветнам уруши ҳақида нутқ сўзлашни сўрашади. Дастлабки сўзларининг ўзидаёқ унинг микрофонини ўчириб қўйишади. Форрест гапини тугатгандан кейингина ёқилади.
Бу шунчаки ҳазилга ўхшайди: томошабинлар қаҳрамон нима деганини эшитмайди. Бироқ бу сирни Том Ҳенкснинг ўзи очиб беради. Унинг версиясига кўра, Форрестнинг нутқи жуда оддий эди:
«Баъзида Ветнамга борганлар оналари олдига оёқсиз қайтишади. Баъзан улар умуман қайтмайди. Бу жуда ёмон. Ветнам ҳақида айтмоқчи бўлган гапларим шу».
Ушбу саҳна ҳақидаги яна бир қизиқ факт шундаки, намойишчиларнинг катта тўдаси қисман сохта. Вашингтондаги Линколн ёдгорлиги олдидаги майдон — бу саҳна суратга олинган жой жуда катта: у чорак миллионга яқин одамни сиғдира олади. Филм яратувчилари жисмоний жиҳатдан ҳам бунча кўп оломонни тўплай олмасди.
Қўшиқ Буббанинг ўлимига ишора қилади
Содда, аммо самимий қаҳрамоннинг ўлим саҳнаси филмдаги энг фожиали лаҳзалардан биридир. Бироқ аввалроқ унинг ўлимига ишора қилинган. Форрест Гамп ва унинг янги дўсти Бубба Ветнамга келганида ва лейтенант Ден билан илк бор учрашганида, уларга шундай маслаҳат беради: «Ўзингизни ўлимга дучор қилиб, аҳмоқлик қилманг». Айнан шу пайтда орқа фонда The Beach Boys гуруҳининг «Cloop John B» қўшиғи янада баландроқ янграй бошлайди.
Бу қўшиқ I wanna go home, Let me go home (Уйга қайтмоқчиман, мени уйга юборинг) сўзлари билан тугайди. Бубба ҳам ўлаётганида: «Уйга кетишни хоҳлайман», дейди.
Форрестнинг поябзали эски, лекин иплари янги
Дастлабки саҳнадаёқ бош қаҳрамоннинг поябзали нақадар ифлос ва эски эканлиги дарров кўзга ташланади. Кроссовкалар фонида оқ иплар алоҳида ажралиб туради. Кейинчалик маълум бўладики, бунга Форрест ҳаётидаги икки муҳим шахс таъсир кўрсатган.
Унинг кроссовкалари фақат Гамп кўп югургани учунгина эскириб кетмаган. Аслида бу ё Женни қаҳрамонга бир пайтлар совға қилган ва у «дунёдаги энг яхши совға» деб атаган ўша Нике кроссовкалари, ёки худди шундай кроссовкалардир. Бу Форрестнинг бутун умри давомида қизга бўлган муҳаббатини сақлаб қолганининг яна бир исботидир.
Аммо лейтенант Ден Ветнамда хизмат қилаётганида оёқлар ҳолатини кузатиб туриш кераклигини айтади, шунинг учун Форрест поябзал яхши кўриниши учун ипларини янгилайди.
Айрим саҳналарда Том Ҳенкснинг ўрнига укаси рол ўйнаган
Кўпчилик актёрлар дублёрлар хизматидан фойдаланиши сир эмас — Том Круз каби айримлар бундан мустасно. Аммо кўпинча бу тасодифий ишчилар бўлиб, улар кўникмаларига ёки ташқи ўхшашлигига қараб танланади. Аммо Том Ҳенкс билан бу вазият қизиқроқ бўлган.
Форрест Гамп ролига тайёрланиш жараёнида укаси Жим Ҳенкс ўйнаган «Бюфорд пляжи қуёнлари» номли унча таниқли бўлмаган комедия бош қаҳрамонининг баъзи хатти-ҳаракатларини ўзлаштирган. Хусусан, Том унинг ғалати югуриш услубини кўчирган.
Айнан шу сабабли энг фаол саҳналарда асосий юлдузни оддий каскадёр ёки спортчи эмас, балки Жим Ҳенкснинг ўзи ўйнаб турган. Бу жуда қулай бўлиб, улар ташқи кўринишдан ўхшаш ва деярли бир хил ҳаракат қилишади.
Айтганча, «Форрест Гамп»ни оилавий лойиҳа деб ҳисоблаш мумкин: ёш қаҳрамон автобусда ўзига жой қидираётган саҳнада Том Ҳенкснинг қизи Элизабет Ҳенкс кичик рол ижро этган.
Футбол майдонида Форрестнинг формаси доимо тоза бўлади
Америка футболини кўрган ҳар бир киши ўйинчилар дарҳол ўт-ўлан ва тупроққа булғаниб кетишини билади. Аммо Форрест Гамп — майдондаги ягона мутлақо тоза кийим эгаси.
Ҳамма гап шундаки, уни ҳеч ким қувиб етолмайди, айниқса, йиқитолмайди. Қизиғи шундаки, китобида бу ҳолат сал бошқача: Форрест Гамп жуда новча йигит бўлади — бўйи икки метрга яқин ва вазни юз килограммдан ортиқ деб, тасвирланади.
Барча суратларда Форрестнинг кўзи юмилиб қолади
Филм бош қаҳрамони кўп жиҳатдан бутун умри давомида болалигича қолади. Буни жуда ғалати тарзда кўрсатишади: Форрест суратга тушишни ўргана олмайди.
Расмда унинг кўплаб суратлари кўрсатилган: битирув курсидан, онаси билан, лейтенант Ден билан. Ҳатто стол тенниси рекламаси ҳам бор. Бу кадрларнинг ҳаммасида Форрестнинг кўзлари юмилиб қолган.
Кўк катак кўйлак — ўзгариш ва доимийлик рамзи
«Форрест Гамп» шунчаки — ортиқча рамзий маъно ва кинояларсиз суратга олинганга ўхшайди. Аммо картинада томошабинга қаҳрамонни яхшироқ тушунишга ёрдам берадиган кўплаб деталлар мавжуд. Филм Форрест ҳаётининг турли даврлари ҳақида ҳикоя қилади: ҳар сафар янги даврга ўтганда қаҳрамон кўк катак кўйлак кияди.
Бир томондан, бу навбатдаги сюжетнинг бошланишини ажратиб олишга ёрдам беради. Бошқа томондан, Форрестнинг ўзи одатларига содиқ қолганини кўрсатади.