Чиа уруғининг фойдали томонлари ва у нима билан истеъмол қилинади?
Организмни соғлом ва фойдали моддалар билан “озиқлантириш”га ёрдам берадиган маҳсулот излаётган бўлсангиз – чиа уруғи идеал даъвогардир. Икки ош қошиқ чиа уруғида 10 грамм осон ҳазм бўладиган оқсил, табиий аминокислоталар, мия фаолиятини яхшилайдиган Омега-3, зарарли холестерин даражасини пасайтириш ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш каби фойдали хусусиятлар мавжуд. Чианнинг фойдаси ҳақида яна нимани билишингиз керак?
Чиа уруғининг фойдали томонлари:
Америкалик диетолог ва “Whole-лист Ливинг” овқатланиш мактаби асосчиси Женна Волпе ҳамда овқатланиш бўйича мутахассис Ким Калпнинг сўзларига кўра, Чиа фойдалари узоқ вақтдан бери илмий тадқиқотлар томонидан тасдиқланган. Хўш, бу уруғнинг фойдаси нимада?
Чиа озиш ва вазн сақлашга ёрдам беради
Чиа нафақат озиқлантирувчи, балки жуда тўйимли маҳсулотдир. Озиш пайтида чиа уруғини овқатланиш тартибингизга қўшсангиз, организмингизга катта яхшилик – кам миқдорда ҳам тўйишига ёрдам қилган бўласиз.
Чиа юрак-қон томир касалликларини ривожланиш хавфини камайтиради
Унинг уруғидаги Омега-3 ёғ кислоталари юрак учун фойдалидир. Олимларнинг тадқиқотлари шуни исботладики, айнан Омега-3 ишемик касаллик хавфини камайтиради, АЛК-кислотаси (суперфуд таркибида ҳам мавжуд) юрак-қон томир тизимидаги яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади ва қон босмини нормаллаштиради.
Чиа суякларни мустаҳкамлайди
Чиа уруғлари – суяклар ва бўғимларнинг саломатлиги учун жуда муҳим бўлган фосфор, магний, кальций ва калий каби минералларнинг манбаидир. Айнан шу суперфуд ёрдамида улар организмга янада яхшироқ сўрилади.
Чиа танадаги яллиғланишни енгади
Улар ҳужайралардаги кимёвий ўзгаришлардан кейин пайдо бўладиган эркин радикаллар миқдорини камайтиради. “Ракга қарши” Миллий институти маълумотларига кўра, танада тўпланган радикаллар молекулаларга ёпишиб, онкология ривожланиш хавфини ошириши мумкин.
Қариш жараёнини секинлаштиради
Чиа уруғининг таркибида бўлган кучли антиоксидант – квертсетин тана ҳужайраларини оксидланиш жараёнидан ва турли хил зарарлардан ҳимоя қилади. Шунинг учун Чиа уруғи ҳужайра даражасида қариш жараёнларини секинлаштиришга ҳисса қўшиши мумкин.
Чиа қондаги қанд миқдорини пасайтиради
Чиа уруғи қанд миқдори юқори бўлган одамлар ва диабетга чалинганлар учун ҳам жуда фойдали. Чиа таркибидаги клетчатка, ёғлар ва оқсиллар углеводларни парчаловчи хусусиятга эга. Улар углевод маҳсулотларининг глисемик индексини пасайтириб, қондаги қанд миқдорини нормаллаштиришга ёрдам беради.
Чиа ичакларни даволайди
У ошқозон-ичак тракти учун жуда фойдали, чунки унинг таркибида эрийдиган ва эримайдиган клетчаканинг “аралашмаси” мавжуд. Шунинг учун чиа уруғини пребиотиклар билан таққослаш мумкин – улар ичак микрофлорасини “озиқлантиради” ва шу билан унинг умумий ҳолатини яхшилайди.
Чиа уруғини нима билан истеъмол қилиш керак? Нонушта ва тушлик учун 5 та фойдали маслаҳат
Чиа пудинги
Бунинг учун чиани кокос (ёки ҳар қандай ўсимлик) сути билан аралаштирамиз, ёнғоқ, резаворлар ёки мевалар, какао, кокос парчалари ёки долчин қўшамиз. Ҳаммасини аралаштирамиз ва совутгичда бир неча соат ёки бир кечага қолдирамиз. Идеал чиа пудингидан баҳраманд бўлинг.
Чиа мураббоси
Чиа мураббосини тайёрлаш ҳам осон ва у қуймоқ, творог, музқаймоқ ва тост билан яхши кетади. Бунинг учун ҳар қандай резавор меваларни (1 стакан) оламиз, унга асал ва бир ош қошиқ чиа уруғини қўшиб паст оловда пиширамиз. Тайёр мураббони совутиб, сал қуюқлашгандан сўнг истеъмол қилиш тавсия этилади.
Тухум ўрнига чиа
Чиа уруғини веганлар истеъмол қиладиган қуймоқ ёки кекс каби рецептларда тухумнинг ўрнида ишлатиш мумкин. Бир ош қошиқ уруғни 3 ош қошиқ сув билан аралаштирамиз. Аралашмани 15-20 дақиқа давомида қолдирамиз, натижада, тухумга ўхшаш суюқлик пайдо бўлади.
Чиа уруғидан салат
Чиа нафақат нонушта, балки соғлом тушлик ёки кечки овқат учун ҳам идеал маҳсулотдир. Уларни зайтун мойи, бальзамик цирка ёки табиий ёгуртга қўшилган аралашма билан салатлар тайёрлаш мумкин.
Товуқ учун чиали панировка
Чиани котлет ёки шўрваларга қўшиш мумкин, аммо товуқни пиширишда чиа уруғларидан панировка тайёрлаш жуда қизиқарлидир. Унга булаб пиширилган товуқ қарсилдоқ ва мазали бўлади.