«Калмар ўйини» иккинчи мавсумидаги қизиқарли кадрорти суратлар эълон қилинди
«Калмар ўйини»нинг иккинчи мавсуми намойиш этилгандан бир неча кун ўтгач Netflix стриминг хизмати мазкур сериалнинг кадрорти суратларини эълон қилди. Унда режиссёр ва актёрлар гуруҳи фильмдаги сюжетдан мутлақ ўзгача кайфиятда тасвирланган.
Суратларда Ли Жонг Же, Ли Бён Хон, Канг Ҳа Нил, Ли Со Хван ва Чо Ю Ри каби актёрлар жамоавий ўйин саҳнасига тайёрланаётгани кўрсатилган бўлиб, суратга олиш жараёнини кутаётган пайтда жилмайиб расмга тушган.
Айниқса, Ли Жонг Же ва Канг Ҳа Нилнинг сокин ва қувноқ юз ифодалари сериалнинг таҳликали фонига қарама-қарши бўлганлиги мухлисларнинг эътиборини тортди. Ҳатто Ли Чин Ук исмли сирли қаҳрамонини ижро этган актёрнинг ҳам самимий табассуми сериал мухлисларини жалб қилган. Шунингдек, суратларда Т.О.P, Че Гук Хи, Вон Жи Ан ва Кон Ю каби юлдузларни ҳам кўриш мумкин.
«Калмар ўйини» сериалининг учинчи мавсуми жорий йилда Netflix платформасида намойиш этилиши режалаштирилган.
Сериал сюжети
Иккинчи мавсумда Ки Хун биринчи мавсумдаги ўйинларда ғолиб бўлганидан кейин йирик миқдордаги пулни қўлга киритган эди. Аммо у бу сафар ўйинларни ташкил қилган сирли ташкилотдан қасос олишни режалаштиради. Иккинчи мавсумда Ки Хун ташкилот ички тизимини аниқлашга уринади. Янги мавсумда ўйинлар янада мураккаб ва хавфли бўлиб, янги қоидалар ва синовлар орқали томошабинларни ҳайратда қолдиради.
Асосий актёрлар
- Ли Жонг Же — Ки Хун, биринчи мавсум ғолиби. Ўйин ташкилотчиларига қарши курашади;
- Ви Ҳа Жун — Ҳванг Жун Ҳо, полициячи бўлиб, у сирли ташкилот ҳақида янги маълумотларни очишга уринади.
Қизиқарли воқеалар
Янги ўйинлар: Ҳар бир янги эпизодда ҳаёт учун кураш бўладиган янги ва даҳшатли ўйинлар киритилган. Ўйин қоидалари оддий бўлса-да, омон қолиш янада қийинлашган.
Ўйин ташкилотчилари ҳақида: Иккинчи мавсумда ўйинни ташкил этган раҳбарият ва уларнинг сирлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш мумкин бўлади.
Ки Хун образининг ўзгариши: У шунчаки омон қолиш учун эмас, балки адолатни тиклаш учун курашади, бу унинг характерини чуқурроқ очиб беради.