«Манчестер Сити» сардори ўзбекистонлик футболчининг трансфери фонида кетишга қарор қилди
«Манчестер Сити» сардори Кайл Уокер бош мураббий Хосеп Гвардиоладан клубни тарк этишга рухсат сўради.
The Telegraph хабарига кўра, Уокер 2023 йилнинг ёзида «Сити»дан «Бавария»га кетишга яқин эди, бироқ ўшанда Гвардиола уни шахсий кечки овқат пайтида Манчестерда қолишга кўндирди. Натижада у янги уч йиллик шартнома имзолади.
Бироқ қийин мавсумни ўтказган ва майдонда шахсий муаммоларга дуч келган 34 ёшли футболчи энди кетишга қарор қилди ва «Милан» келаси ҳафта у билан шартнома имзолашга умид қилмоқда.
Уокер 2017 йилда «Астон Вилла»дан «Cитй»га ўтган. Шунингдек, Англия терма жамоаси ҳимоячиси фаолиятида «Куинз Парк Рейнджерс», «Шеффилд Юнайтед», «Тоттенхем Хотспур» ва «Нортгемптон Таун» клублари бор эди.
Аввалроқ «Сити» Ўзбекистон терма жамоаси ва Франциянинг «Ланс» клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан шартнома имзолаши маълум бўлганди. Битим суммаси 40 миллион еврони ва қўшимча бонусларни ташкил этади, тиббий кўрикдан сўнг шартнома яна бир мавсумга узайтириш имконияти билан 2029 йилгача имзоланади.