Олмаотадан Тошкентга борадиган илк туристик поезд кутиб олинди
Олмаота — Туркистон — Тошкент — Олмаота йўналиши бўйича қатновчи дастлабки туристик рейс 18 ноябрь куни Ўзбекистон пойтахтига етиб келди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент марказий вокзалида «Жибек жўли» биринчи туристик поездининг тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Маршрут Туркистон ва Тошкентдаги диққатга сазовор жойларига саёҳатни ўз ичига олади.
Таъкидланишича, 4 кунлик халқаро темирйўл саёҳати сайёҳларга қадимий шаҳарлар атмосферасини ҳис қилиш ва Буюк Ипак йўли излари бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради. Сайёҳлар Туркистон шаҳрида 1 кун, Тошкентда эса 2 кунни ўтказади.
«Биринчи саёҳат тест режимида ишга туширилган бўлиб, ҳозирча аниқ нарх кўрсатилмаган. Тез орада турнинг нархи белгиланади ва хабар берилади», — дея маълумот берди Туризм қўмитаси.
Тур дастурига гид ҳамроҳлиги, овқатланиш, транспорт хизматлари ва кириш чипталари киритилган. Саёҳатчилар Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири — муҳим савдо тармоғи бўлган Ўтрорни кўришлари мумкин бўлади.
Саёҳат дастуридан Аристон-бобо мақбараси, «Ҳазрат Султон» тарихий-маданий қўриқхона-музейи, Марказий Осиёдаги энг йирик «Карвонсарой» сайёҳлик мажмуасига ташриф буюриш ҳам ўрин олган.
Тошкентда экскурция иштирокчиларига нафақат тарихий жойлар, балки шаҳарнинг замонавий тараққиёти билан ҳам яқиндан танишиш имконияти яратилади.
«Жибек жўли» поезди бешта вагондан, тўртта купе ва битта вагон-ресторандан иборат бўлиб, йўловчиларга уч маҳал овқат берилади. Поездда саёҳат давомида турли ҳордиқ чиқариш тадбирлари, жумладан, шахмат, UNO каби стол ўйинлари ва сайёҳлар учун совринли лотереялар ташкил этилади.