Президент шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини табриклади
Ўзбекистонлик шахматчилар Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида учинчи ўринни эгаллади.
Президент Шавкат Мирзиёев Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида учинчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон шахмат терма жамоаси аъзоларини табриклади.
«Ғоят кескин ва муросасиз мусобақаларда сизлар юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода ва матонат фазилатларини намоён этиб, Хитой, Сербия, Арманистон, Германия, Озарбайжон, Словения, Испания каби манаман деган давлатларнинг жамоаларини ортда қолдирганингиз улкан таҳсин ва тасанноларга сазовордир», дейилади табрик сўзида.
Мирзиёев терма жамоа аъзолари - Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов натижалари жуда қадрли эканини таъкидлади.
«Айниқса, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин медални, Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритиб, нақадар катта маҳорат эгаси эканларини яна бир бор исботлаганларини алоҳида таъкидлаш лозим», — дейилади табрикда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг 12-ўринни эгаллаганини ҳам қайд этди.
«Мард ва жасур ўғлонларимиз қаторида Афрўза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова сингари азму шижоатли шахматчи қизларимиз ҳам мусобақаларда муносиб иштирок этиб, бор куч-ғайрати ва маҳорати билан Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.
Улар ўтган олимпиадада кўрсатган натижаларини яхшилаб, 170 мамлакат ўртасида 12-ўринни эгаллаганлари албатта эътиборга моликдир. Матонатли қизимиз Нодира Нодиржонова тахталар кесимида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медал билан тақдирлангани айниқса қувончлидир. Уларнинг барчасини самимий қутлаб, келгуси мусобақаларда совринли ўринларни забт этишларини тилайман», — дейилади табрикда.
Президент 2026 йилда Ўзбекистон шахмат олимпиадасига илк бор мезбонлик қилишини эсга олиб, шахматчиларга унда ҳам энг юксак чўққилар забт этишини тилади.