Тошкентда 29-халқаро туризм ярмаркаси ўтказилади
21−23 ноябрь кунлари Тошкентдаги «Central Asian Expo Uzbekistan» (CAEx) кўргазма мажмуасида «Ипак йўлида туризм» — 29-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси (ТХТЯ) бўлиб ўтади.
Ярмаркада хорижий туристик компаниялар, миллий ва ҳудудий ташкилотлар, ассоциациялар, ваколатхоналар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар, онлайн бронлаш тизимлари, шунингдек, транспорт компаниялари ва бошқалар иштирок этади.
ТХТЯ дастури доирасида конференциялар, Б2Б учрашувлари, давра суҳбатлари, туризм хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистон ҳудудлари туризм салоҳияти тақдимотлари, гастрономик ва бошқа кўплаб тадбирлар ўрин олган.
Маълумот учун, ТХТЯ Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси туризм саноати учун муҳим воқеа сифатида 1995 йилдан бери БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти кўмагида ўтказиб келинмоқда.
Ярмаркада ўнлаб мамлакатларнинг сайёҳлик имкониятлари тақдимотлари, юзлаб туризм соҳаси мутахассисларининг ишбилармонлик музокаралари, халқаро туризмни ривожлантиришнинг долзарб мавзуларига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилади. Ўтган йили ТХТЯда рекорд кўрсаткич қайд этилди — 3 кун ичида 30 та давлатдан 300 дан ортиқ соҳа вакиллари ва 13 минг иштирокчи қатнашган.