Джейсон Стэйтем иштирокидаги «Уста» фильми АҚШ кинопрокатида пешқадам бўлди


Джейсон Стэйтем бош ролни ижро этган «Уста» жангари фильми Шимолий Америка кинопрокатида янги етакчига айланди. Фильм биринчи ҳафта охирида 15,2 миллион доллар даромад келтирди.
«Уста» Disneyʼнинг «Оқ қор» ўйинли ремейкидан ўзиб кетишга эришди. Ремейк иккинчи ҳафта давомида атиги 14,2 миллион доллар йиғди. Фильмга бош юлдузлар Рейчел Зеглер ва Гал Гадот билан боғлиқ жанжаллар, шунингдек, салбий танқидлар халақит берди.
«Уста»нинг бюджети 40 миллион долларни ташкил этди. Халқаро намойишлар лойиҳага яна 15 миллион доллар қўшиб, умумий суммани 30 миллион долларга етказди. Фильм шу ҳафта Россияда ҳам намойиш этилди ва 111 миллион рубль даромад келтирди.
«Уста» фильми сюжети қурилишда ишлайдиган собиқ махсус бўлинма аскари ҳақида ҳикоя қилади. Кутилмаганда қаҳрамон хўжайинининг қизи одам савдогарлари томонидан ўғирлаб кетилганини билиб қолади. Қизни қутқариш учун у яна ўтмишдаги фаолиятига қайтади. Фильмни Дэвид Эйр («Ўз жонига қасд қилувчилар гуруҳи») режиссёрлик қилган, сценарий ҳаммуаллифи эса Силвестр Сталлоне бўлган.