Ўзбек эстрадасида янги юлдузлар: 2024 йилда катта санъатга қадам қўйган қўшиқчилар
Ҳеч қачон омад кулиб боқадиган вақтни олдиндан тахмин қила олмаймиз. Аммо ҳаракатдан тўхтамасак, ҳаммаси яхши бўлади. Бу қуйида номлари зикр этиладиган қаҳрамонларимизнинг ҳаётий шиори бўлса, ажаб эмас.
2024 йил шоу-бизнес олами учун унутилмас даврлардан бирига айланди. Биз йирик халқаро лойиҳалардан тортиб, реперлар Ҳумо Аренаъни тўлдирганигача гувоҳ бўлдик. Ушбу жамланмада жорий йилда ижод намуналарини тақдим этиб, мухлислар меҳрини қозонган ёш санъаткорлар ҳақида гап боради.
Yunkaa
Ўзининг шовқин-суронга бой шахсий ҳаёти билан мухлисларга яхши таниш бўлган Юнетта Акопян 2024 йилда иккита муаллифлик қўшиғини тақдим этди. Унинг «Дардим» деб номланган таронаси хит-парадларда узоқ вақт етакчилик қилди.
Юнетта блогерлик фаолияти ва таниқли инфлюенсер Тимур Алихонов билан ишқий муносабатда экани орқали ўзбек мухлисига яхши таниш ҳисобланади. Тимур 2023 йилда Констанинг концертида Юнеттанинг қўлини сўраб, унга турмушга чиқишни сўраганди.
Аммо жуфтлик 2024 йилда ажрашди. Муносабат якунлангани узоқ вақт сир сақланган бўлсада, икки машҳур шахснинг ажрими мухлислар эътиборидан четда қолмади. Бу гап-сўзлар фонида Тимур Алихонов Yunkaaʼнинг дугонаси Фарида Маримова билан оила қурди.
Юнетта эса муросасиз баҳслар фонида ўзининг илк қўшиғини мухлислар эътиборига ҳавола этди. «Дардим» таронасини кўпчилик Тимур Алихоновга бағишланган деб айтади. Аммо хонанданинг ўзи бу маълумотни рад этиб келади. Ушбу қўшиқ YouTubeʼда қарийб 10 миллион марта тингланган.
Юнка бунда бир ой олдин ўзининг навбатдаги муаллифлик қўшиғи — «Ёмғир»ни мухлислар эътиборига тақдим этди. Бу тарона унчалик катта шов-шув кўтармаган бўлсада, ўзига хос тарзда муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу асарда ҳам муаллифнинг севгиси армон бўлгани ҳақида сўз боради.
АброБей
2024 йилнинг ҳақиқий кашфиётларидан бири дея тилга олинаётган ижодкор асли сурхондарёлик. У ноябрь ойи охирида «Қиммат дунё» деб номланган синглни эълон қилди. Тарона ҳозиргача 4 миллион мартадан кўпроқ тингланган.
Ушбу қўшиқ мақола ёзилган вақтда ҳам Yandex Music хит-парадининг Ўзбекистон бўйича талқинида биринчи ўринда бормоқда. Артист, шунингдек, Yandex муҳаррирлари томонидан тайёрланган «Ўзбекистон: Кашфиётлар» плейлисти муқовасига ҳам чиқарилган.
АброБей 30 декабрь куни ўзининг навбатдаги муаллифлик қўшиғини тақдим этади. «Болалик» деб номланувчи тарона фойдаланувчилар томонидан илиқ қабул қилинди. Ушбу қўшиқ билан ғўр ва шўх болаликка сайр қилсак, ҳеч нарса эмас.
Аброрнинг бисотида яна иккита муаллифлик қўшиқлари мавжуд. Улар «Қўлда тутун» ва «Майли» деб номланувчи қўшиқларда масрур йигитлик даври ва ундаги қийинчиликлар ҳақида сўз боради. Ижодкор барчасига сабр билан чидаб ўтилса, йўл якунида ёруғлик кутаётганига ишора қилади.
Q.zlar гуруҳи
Конста бошчилигидаги Yuz Label аъзолари — Q.zlar гуруҳи 3 нафар машҳур блогер қизлардан ташкил топган. Улар Шахло, Динора ва Амирадир. Гуруҳ аъзоларининг барчаси Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олишади.
Ушбу гуруҳ Шариф (Конста)нинг 2024 йилги концертида биринчи марта чиқиш қилган ва мухлислар томонидан илиқ қарши олинган. Ўшанда гуруҳ ўзининг «Интро» таронасини тақдим этганди. Клип эса декабрда эълон қилинди.
Видео Роcкстар энергетик ичимликлар бренди томонидан қўллаб-қувватланган. Клипда ҳар бир иштирокчи алоҳида таништирилган ва улар турли локацияларда қўшиқдаги ўзига тегишли қаторларни ижро қилган.
Қўшиқ матни Морф томонидан ёзилган. Мусиқий сайқал Алинур томонидан берилган. Режиссёр эса Шокҳсанам Норм. Қўшиққа ишланган клип айни вақтда YouTube платформасида 50 минг мартадан кўпроқ томоша қилинган.
Yasmeen
Ўзини катта санъатда синаб кўраётган яна бир таниқли блогер Ясмеэн навбатдаги ижод намунасини «Саҳар» гуруҳи билан дуэт тарзида тақдим этди. 30 ноябрь куни эълон қилинган клип YouTubeʼда ҳозиргача қарийб 17 минг марта томоша қилинди.
21 ёшли хонанда бундан 2 йил олдин «Ҳай, ёр-ёр» қўшиғини тақдим этган. Аммо сўнгги «Эслагин» таронаси ва унга ишланган клип ижодкорга ҳақиқий машҳурликни тақдим этди десак, муболаға бўлмайди.
Клипда икки жуфтнинг турли даврлардаги мураккаб муносабати акс этган. Улар бир-биридан тинимсиз аразлаши ва тобора узоқлашишини кўриш мумкин. Якунда кадрдаги барча иштирокчилар кулдек ҳавога соврилиб кетади.
Uchitayy
Uchitayy тахаллуси билан ижод қилувчи Адан Жаббарни кўпчилик қозоқ ижодкорлар томонидан суратга олинган «Ётоқхонадан чиққан миллионерлар» сериалидаги Фарҳод орқали яхши танийди. Сериал давомида Адан ўзининг қўшиқчилик маҳоратини ҳам намойиш этган.
Рэпер 2024 йил давомида 5 та муаллифлик қўшиғини эълон қилди. Деярли барча тароналар мухлислар эътибори ва олқишига сазовор бўлди. Жумладан, хонанданинг «Аминие» деб номланган номақбул сўзларга бой треки 100 минг мартадан кўпроқ тингланди.
Юқорида таъкидланган қўшиқлар орасида «Раҳмат», «Block», «Оно того стоило» ва «Цепи» деб номланган треклар ҳам бор. Ижодкор ҳар бир мусиқий асарга алоҳида ёндашиши ва тасвирий ишларни аъло даражада бажариши билан кўплаб таниқли шахслар эътиборига ҳам тушган.
Bezzbets
Ушбу рўйхатимизни якунловчи Bezzbets рэп-рок гуруҳи 2024 йилнинг июль ойида ўзининг илк каверини тақдим этди. Конста ва Тимур Алихоновнинг «Одамлар нима дейди?» қўшиғига ишланган янгича талқин тингловчилар томонидан қизғин қарши олинди.
Таъкидлаш керак, гуруҳ 5 нафар ижодкор (тўртта созанда ва битта хонанда)дан иборат. Улар доимий равишда ниқоб билан кўриниш беради. Шунингдек, йигитлар ўзининг шахсига ҳам аниқлик киритмаган. Уларнинг ким экани ҳақида бир қанча тахминлар бор, холос.
Гуруҳ яқинда «Тинч қўймайди» деган илк трекини тақдим этди. Унда инсоннинг ўзи билан ўзи қолгандаги ички савол-жавоб очиб беришга ҳаракат қилинади. Инструментал усулдаги мусиқа шўх ва маʼноли тарона тинглашни хуш кўрувчилар учун ажойиб вариант бўла олади.
Қарз
Бу ижодкорни асосий таомдан кейинги мазали десертга қиёслаш мумкин. У юқорида номи зикр этилган ижодкорлардек юз минглаб одамлар томонидан тингланмади.
Аммо Qarzʼнинг ўзига хос жумлалари ва уларни мусиқий сайқал билан ажойиб тарзда уйғунлаштириши муҳаррирлар эътиборидан четда қолмади. Ижодкор ҳозирча иккита қўшиқ тақдим этди.
У «оқми-қора» ва «бари ўткинчи» деб номланган трекларда инсон ҳаётидаги азалий саволларни яна ўртага ташлайди ва уларга умуман бошқа ракурсдан қараб, ажойиб ечимлар тақдим этади.
Бу тўплам мақола муаллифининг шахсий қарашлари ва қизиқишлари ортидан тузиб чиқилди. У рейтинг аҳамиятига эга эмас. Toping.uz нашри барча ёш санъаткорлар ижодини ҳурмат қилади ва доимий равишда қўллаб-қувватлайди. Келаётган Янги йилингиз муборак бўлсин!