Алиса со скидкой (верхний)
РУ
O’Z
UZS
/
/
Ўзбекистонда кино соҳасига оид блоглар қачон ривожланади? Киноблогер Сардор билан суҳбат
26.09.2024

Ўзбекистонда кино соҳасига оид блоглар қачон ривожланади? Киноблогер Сардор билан суҳбат

Ўзбекистонда кино соҳасига оид блоглар қачон ривожланади? Киноблогер Сардор билан суҳбат
Муаллиф

Замонавий ҳаёт бизни дам олиш кунларида ёки кечаси ухлашдан олдин кино томоша қилишга одатлантириб қўйди. Бу борада тавсиявий видеолар ишловчи блогерларнинг ўрни бўлак. Мақоламиз меҳмони Сардор Турсуналиев соҳа етакчиларидан ҳисобланади.

image

Yangi yilga eng yaxshi sovg‘ani topdik. BU NIMA?

icon

«Yes Uzb» каналини яратиш ғояси қандай пайдо бўлди?

Ҳаммаси YouTubeʼга бўлган қизиқишимдан бошланган. Яъни биринчи кино каналга эмас, айнан шу платформада ишлашга қизиққанман. Бу канални очишдан олдин бошқа йўналишларда ҳаракат қилиб кўрганман.

Кейинчалик бир нарсани тушуниб қолдим: кинога ҳам, YouTubeʼга ҳам қизиқаман. Ўрганиб чиқсам, ўзбек блогосферасида ҳали киноблогерлар йўқ экан. Шундан сўнг айнан шу йўналишни YouTubeʼга олиб киришга қарор қилганман.

Бундай йўсиндаги видеолар обуначилар томонидан илиқ қабул қилинган. Мана шу пайтда «Yes Uzb» канали пайдо бўлган. Бунга ҳам яқинда 6 йил бўлиб қолади. Ўшандан бери доимий равишда кино оламига оид янгиликларни эълон қилиб бораман.

Канал учун роликлар суратга олиш жараёнини қандай ташкил қиласиз?

Аслини олганда, менинг йўналишимда контент етишмовчилиги деган тушунча йўқ. Яъни кино, мултфилм ва сериаллар ҳар доим бўлади. Шу сабабли ҳеч қачон мавзулар тугаб қолмайди.

Мен бутун жараённи бир ўзим ташкил қиламан. Видео тасвирга олиш жараёнига келадиган бўлсак, дастлаб режа тузиб олинади. Унда сценарий қандай кетма-кетликда тузилиши белгиланади. Роликлар сценарийси имкон қадар соддароқ ва тушунарлироқ ёзилади.

Шундан сўнг видео тасвирга олиб, монтаж қиламан. Превю ясаб, кейинроқ YouTubeʼда тўлиқ роликни эълон қиламан. Видеоларни бир ўзим суратга оламан. Бунда iPhone 11 смартфонидан фойдаланаман. Орқа фон учун уйимда алоҳида бурчак ташкил қилганман.

Авваллари блогер деган атама йўқ эди. Болалигингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?

Мен футбол ўйнашга ва кўришга жуда қизиқаман. Бу спорт турига бўлган муҳаббатим ҳатто киноникидан ҳам кўпроқ. 5-6 йил давомида футбол билан шуғулланганман. Аммо бу соҳа вакили бўлиш армон бўлиб қолган.

Ҳозир ҳам дўстларим билан тез-тез футбол ўйнаб турамиз. Йирик мусобақаларни ўтказиб юбормасдан томоша қиламан. Ҳозиргача саҳна ортида бўлса ҳам, футболнинг ишқибозиман, дея оламан.

Болаликда айнан қайси фильм ёки фильмларни севиб томоша қилгансиз?

Яхши биласиз, бизнинг болалик пайтларимизда интернет яхши ривожланмаганди. Ҳаттоки DVD орқали фильмлар томоша қилиш имкони бўлмаган. Шу боис ахборот олиш мумкин бўлган ягона платформа бу телеканаллар эди.

Биз у пайтларда асосан «Ёшлар» телеканалини томоша қилардик. Уйдагилар асосан ҳинд киноларининг шайдоси бўлишган. Мен ҳам уларга қўшилиб, ҳиндча фильмлар томоша қилардим, бу киноларни ҳозиргача севиб томоша қиламан.

Бундан ташқари, корейс киноижодкорларининг «Жумонг», «Сарой жавоҳири» сериалларини ҳам зўр иштиёқ билан томоша қилганман. Кейинчалик DVD оммалаша бошлагач, асосан мултфильмлар кўрар эдим.

Ўзбекистондаги энг яхши киноблогерларни санаб бера оласизми?

Айни вақтда Ўзбекистонда ҳам кино йўналишида блог юритаётган ижодкорлар анча кўпайиб қолди. Албатта, бундан жуда хурсандман. Лекин улар ҳали бошланғич жабҳада бўлгани сабабли баҳо бера олмайман.

Менимча, яна 2-3 йилдан кейин ўзбек YouTubeʼида кино соҳасига оид каналлар анча ривожланиб қолади. Бу борада доим янги нигоҳлар, ўзгача форматлар керак бўлади. Буни бир ёки икки киши бажара олмаслиги аниқ.

Мен ҳозир бир нечта киноблогерларни санаб бера олмайман. Фақат «Susambil» канали маъмури Нодир Нишонов ижодини айтишим мумкин. Унинг кино соҳасидаги билими ростдан ҳам анча бой.

Марказий Осиёда қайси давлат кино саноати нисбатан яхшироқ ривожланган?

Афсуски, бу Ўзбекистон эмас. Ҳаммамизга яхши маълум, СССР парчаланиш вақтида Ўзбекистонда кино ва дубляж соҳаси анча кенг ривожланганди. Бу даврда кейинги ўнйилликларга бевосита таъсир кўрсатган фильмлар суратга олинган.

Айнан ўша кино ва сериалларни ҳозир ҳам мириқиб томоша қиламиз. Ҳаттоки 2000 йилларда ҳам унутилмас шедевр фильмлар тасвирга олинган. Бундай лойиҳалар кино саноатимизни янги босқичга олиб чиққан. Аммо ҳозирги келиб индустрия батамом ўлди.

Саволингизга келадиган бўлсак, бу борада ҳозирда Қозоғистон ва Қирғизистон ижодкорлари анча илдамлаб кетган. Чунки сўнгги йилларда улар чиқараётган фильм ва сериаллар нафақат минтақада, балки бутун қитъада ҳам машҳурликка эришмоқда, ҳатто бутун дунё таниган лойиҳалар ҳам бор.

Агар эртага YouTube йўқ бўлиб қолса, нима иш билан шуғулланасиз?

Ниятни яхши қилайлик, YouTube ҳали бери ёпилмасин, ишимиздан ҳам айрилмайлик. Шундай бўлган тақдирда ҳам, мен ишсиз қолиб кетмайман деб ўйлайман. Чунки Тошкент давлат техника университетининг «Машинасозлик» факультетини тамомлаганман.

Қўлимда диплом ва ҳунарим бор. Исталган пайт айнан шу соҳа ёки ёндош соҳалар бўйича ишга киришим мумкин. Лекин катта эҳтимол билан маркетинг йўналишида фаолиятимни давом эттираман. Чунки бу борада анча кўп ишларни амалга ошириб, синовлардан ўтганман.

6 йил давомида йиғилган тажриба менга дизайн, монтаж, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни юритишга ёрдам беради. Бемалол шу соҳаларда ҳам ишлаб кета оламан. Адашмасам, ҳозирда видеографларнинг маоши анча юқори. Шундай экан, YouTube йўқ бўлиб қолса ҳам, мен тезда иш топиб оламан деб ҳисоблайман.

Энг яхши кўрган 5 та фильмингизни санаб бера оласизми?

  • Биринчи навбатда, Кристофер Нолан томонидан суратга олинган «Интерстеллар» фильмини айтишим керак. Бу фильм томошабинларга кўплаб ҳиссиёт беради, ҳатто «ақлдан оздиради». Мен бу кинони қайта-қайта томоша қиламан.
  • Иккинчи ўринга эса «Тахтлар ўйини» сериалини қўйган бўлардим. Ушбу картинани ҳам яқинда такроран томоша қилдим. Бу сериал ўзига хос диалоглари ва сюжет тугунлари билан томошабинни ҳайратлантиради. Лойиҳа ҳақида алоҳида видео ҳам қилмоқчиман.
  • Учинчи ўринга «Титанлар ҳужуми» деб номланган анимени қўяман. Унда қисмлар жуда кўп, аммо шунга қарамай икки марта томоша қилганман. Сюжет тарафлама аниме ҳеч қайси фильм ёки сериалдан қолишмайди. Анимация зўр, персонажлар чуқур ўйланган, сюжети эса михлаб қўяди.
  • Тўртинчи ўринга «Қасоскорлар: Интиҳо» фильмини қўшсам керак. Бу фильм мен биринчи марта кинотеатрда кўрган картинадир. Шу боис бу кино хотирамдан ўзгача тарзда жой олган, унутилмас ҳиссиётлар бахш этган. Фильмнинг ўзи ҳам бетакрор ишланган, унинг премьерасини интиқлик билан кутганман.
  • Якуний ўринда «Топ Ган: Меверик» фильмини киритишим мумкин. Ушбу картинани премьера вақтида кинотеатрда кўролмай қолганман. Аммо рақамли релиз чиққанда томоша қилганман. Ҳақиқатан ҳам динамикага бой фильм бўлган, шунда кинотеатрга тушмаганимга афсусланганман.

Умуман олганда, менга ёқадиган фильм ва сериаллар жуда кўп. Аслида қайси кинони охирги марта кўрган бўлсангиз, айнан ўша лойиҳа энг яхшисидек туйилаверади. Яна бир жиҳатга эътибор бериш керак, юқорида саналган фильмлар рақамлари бу энг зўри ёки ёмони дегани эмас.

Агар имкони бўлганда, кино соҳасидаги қайси ижодкор билан кўришган бўлардингиз?

Имкон бўлганда, даҳо режиссёр Кристофер Нолан билан учрашиб суҳбатлашган бўлардим. Унинг ҳар бир фильмлари юқори даражада суратга олинади. Менга ақлий ечимларга бой детектив фильмлар жуда ёқади.

Шундай экан Нолан мен учун умуман бошқа даражадаги режиссёр ҳисобланади. Яхши томони ижодкор ҳали ҳаёт, демак мен у билан учрашишим учун имконият бор. Бунга доим умид қилиб қоламан.

Блиц-саволлар:

«Қасоскорлар» ёки «Адолат лигаси»?

«Қасоскорлар»да деярли ҳар бир қаҳрамоннинг шахсий лойиҳалари бор ва уларда умумий сюжет моҳирона тарзда боғланади. «Адолат лигаси» бу томондан анча оқсаган. Шундай экан, кино жиҳатдан «Қасоскорлар» лойиҳасини танлайман. Лекин умумий олиб қарасак, иккаласи тенг.

Дэдпул ёки Росомаха?

Менга иккаласидан бирини танлаш керак дейишса, Дэдпулни танлайман. Тўғри, Логан ўта ҳурматга сазовор персонаж ва у ҳам менга ёқади. Аммо Дэдпулнинг ҳазиллари ва характери менга кўпроқ ҳиссиёт беради.

Netflix ёки HBO?

Адашмасам, HBO стриминг хизмати карантиндан кейин оммалаша бошлади. Бу давр мобайнида анча кўп машҳур лойиҳаларни эълон қилди. Аммо Netflix узоқ йилдан бери фаолият юритиб келаётган хизмат ҳисобланади. Ўз-ўзидан сифатли фильмлар унда кўпроқ, шу сабабли мен Netflixʼни танлаган бўлардим.

Marvel ёки DC?

Бу қайси призмадан қарашга боғлиқ, албатта. Агар кино тарафдан қаралса, Marvel шубҳасиз олдинда. Чунки унда фильмлар сифати ва боғлиқликлари анча яхши қурилган. DC ҳам яқинда янги кино оламни суратга ола бошлади. Бу анча омадли бўлади деб ўйлайман, чунки лойиҳа устида даҳо режиссёр Джеймс Ганн турибди.

Демак, агар умумий олиб қарасак, иккала кино олам ҳам тенг деб ҳисоблайман. Чунки уларнинг ҳар бирида сифатли ва қизиқарли лойиҳалар талайгина. Агар фильм ишлаб чиқариш тарафдан қарасак, албатта, Marvel яхшироқ деб биламан.

Бошқа бўлимлардан материаллар

Buyurtma qoldiring

Bizning menejerlarimiz yaqin orada siz bilan bog‘lanadi.

Yangi Shop Tashkent

map-pin

Малика, магазин 6а

Сотувчи
phone

+998901777516

telegram-logo

@yangishoptashkent

Раҳмат, аризангиз қабул қилинди.