РУ
O’Z
UZS
/
/
Актриса Жамила Ғофурова шахсий ҳаётига оид катта сирни ошкор қилди
08.01.2025 (янгиланди 08.01.2025)

Актриса Жамила Ғофурова шахсий ҳаётига оид катта сирни ошкор қилди

Актриса Жамила Ғофурова шахсий ҳаётига оид катта сирни ошкор қилди

Санъатда бир оз муддат танаффус қилган, бош ролларда кўринмай қолган, аммо истеъдодли, таниқли кино ва театр актрисаси Жамила Ғофурова «Darakchi.uz» сайтига интервью берди. Интервью давомида у фарзандлари, иккинчи турмуш ўртоғининг катта қизи билан муносабати ҳамда ўғлини дунёга келтириш чоғида бир ўлимдан қолгани ҳақида гапирди.

«Ўзимга инсоф сўрайман, баъзи ҳаракатларимни тўғрилашим керак»

Жамила Ғофурова авваллари шўх-шодон бўлган бўлса-да, эндиликда оналик ва аёллик вазифаларини тўлиқ адо қиляпти. У йил сари улғайиб бораётгани ва фарзандлари онаси ҳақида ёмон гап эшитмаслиги учун ҳаракат қилиши ҳақида қуйидагича сўзлади.

— Биринчи фарзандим Ширина катта қиз бўляпти, ундан кейин яна бир қизим, ўғлим ҳам бор — шу вақтларда ўзимга “Энди улғайишим керак” деб сўз бердим. Ҳар куни ўзимга ёқмайдиган бир хатойимни тўғрилаб боришга ҳаракат қиламан ва Аллоҳдан бошқаларга эмас, ўзимга инсоф сўрайман. Қизларимнинг орқасидан совчи келишини, ўғилларим дўстларининг ёнида бош кўтариб юришини ўйлайман. Улғаяётганим ўзимга жуда ёқяпти, жуда ҳам. Қанийди ҳозирги ўйловим 20 йил аввал бўлганда эди.

Кун келиб тўртта фарзанднинг онаси бўлишимга, уйда ўтириб бугун ўзи қайси кун, қайси сана деб қолишимга ҳеч ишонмасдим. Сабаби тиниб-тинчимайдиган, сёмкалардан ортмайдиган, бир тадбирдан чиқиб иккинчисига югурадиган қиз бўлганман. Аммо тунда фарзандларимнинг ухлаб ётганини кўриш жуда ёқимли, шу кунларга етиб келганимга беҳисоб шукр қиламан, дейди Жамила Ғофурова.

“Фарзандларим дадасидан қўрқади, бу менга ёқади”

Актриса турмуш ўртоғи, унинг кимлиги ва шахсияти ҳақида гапиришни ёқтирмайди, аммо ўзининг суюкли рафиқа, севимли она ва оғир-босиқ уй бекаси бўлишида эрининг ўрни тўғрисида гапириб ўтди. У нафақат ўзига турмуш ўртоқ, балки қизи Ширина учун ҳам уни ўз фарзандидек кўрадиган ота танлаши керак бўлган.

— Турмуш ўртоғим қаттиққўл инсон. Бу қўрқувда яшамайман, дегани эмас, уларни ҳурмат қиламан. Айнан шу жиҳатларга менга кўп асқатади — уйга кириб келганларидан сўнг фарзандларим 99 фоизга ўзгаради, уйимизда бошқа муҳит пайдо бўлади. Рости, ўша вақтда мен дам оламан. Фарзандларим дадасидан қўрқади, бу менга ёқади. Уйимиздаги ҳар бир иш эримнинг розилиги билан бўлади.

Биз оилада беш фарзанд бўлганмиз, кўпчиликнинг ичида катта бўлганим сабабли ўзимнинг оилам ҳам катта бўлишини хоҳлардим. Мана турмушга чиқдим, фарзандларимни кўпайтирдим. Эрим қаттиққўллигини айтдим, ҳадеб уруш-жанжал бўлаверса оила ажрашиб кетиши мумкин. Жаҳли тез деб ажрашиб кетавермайман-ку. Шу сабабли биз келишиб олганмиз — эрим жаҳлда пайти мен оғирроқ бўлиб тураман.

Эркаклар санъаткор аёлга уйланаётганда унинг санъат вакили эканини билиб уйланади-ю, аммо кейинчалик барибир аёлини ўзгартирмоқчи бўлади. Турмуш ўртоғимга мени ўзгартиришга ҳаракат қилманг, мен сизни борингизча қабул қилиб яшаб келяпман-ку, дейман. Мени ўзгартиришга уринманг, мени боримча қабул қилсангиз биз жудаям чиройли оила бўламиз. Мен ўзимни яхши ҳис қиламан, сиқилмайман, болаларга ҳам етарли меҳримни бераман ва ўз ишимни ҳам севиб қиламан — қарабсиз-ки, мендан бахтли аёл йўқ, деб кўп такрорлайман, деди актриса.

Бошқа бўлимлардан материаллар

Buyurtma qoldiring

Bizning menejerlarimiz yaqin orada siz bilan bog‘lanadi.

Раҳмат, аризангиз қабул қилинди.