Шахмат олимпиадаси. Ўзбекистон эркаклар жамоаси бронза медалларни қўлга киритди
Турнир давомида ютқазмаган ва фақат Ўзбекистон вакилларига қарши баҳсда дуранг ўйнаган Ҳиндистон биринчи ўринни олди.
Венгрия пойтахти Будапешт шаҳри мезбонлик қилган бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида 22 сентябрь куни якунланди.
Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Ёқуббоевдан иборат жамоа 11-турда Франция жамоасини мағлуб этди - 2,5:1,5. Охирги баҳсларда Абдусатторов, Синдаров ва Ёқуббоев ўз баҳсларида дурангга имзо чекишди, Воҳидов эса ўз рақибидан устун келиб, жамоа ғалабасини таъминлади.
Эркаклар жамоаси:
Ўзбекистон - Франция 2,5 : 1,5
- Нодирбек Абдусатторов - Максим Ваше-Лаграв 0,5 : 0,5
- Нодирбек Ёқуббоев - Этен Бакрот 0,5 : 0,5
- Жавоҳир Синдаров - Лорен Фрессинет 0,5 : 0,5
- Шамсиддин Воҳидов - Максим Лагарде 1:0
Натижада Ўзбекистон ҳисобидаги очколар сони 17 тага етди. Параллел баҳсда АҚШ Хитойни мағлуб этди ва мазкур уч жамоада бир хил - 17 тадан очко жамғарилди.
Шундан кейин қўшимча кўрсаткичларга қаралди, турнир давомидаги рақиблари умумий рейтингда нисбатан юқорироқда жойлашгани туфайли АҚШ иккинчи ўринга жойлашди ва кумуш медалларга эришди, Ўзбекистон эса бу борада Хитойни ортда қолдириб, бронза медалларга эга чиқди.
Турнир давомида ютқазмаган, 10 учрашувда ғалаба қозониб, фақат Ўзбекистонга қарши ҳал қилувчи баҳсда дурангга эришган Ҳиндистон эса 21 очко билан биринчи бўлди.