Ўзбекистонда халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтади


2025 йилнинг 21−25 апрель кунлари Ўзбекистонда анъанавий тасвирий ва амалий санъатга бағишланган халқаро фестиваль бўлиб ўтади. «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт» йилига бағишланган тадбир Бадиий академияси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилмоқда.
Тадбир олдидан 15 апрель куни Бадиий академияда матбуот анжумани ташкил этилиб, фестиваль дастури тақдим этилди. Ташкилотчилар фестивалнинг асосий мақсадлари маданий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ижодий алмашинувни ривожлантириш ва санъат соҳасида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш эканини алоҳида таъкидлади.
Фестиваль Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги кўргазма майдонларини қамраб олади. Дастурда олий ўқув юртлари, коллежлар ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари талабалари томонидан тайёрланган кўргазмалар, маҳорат сабоқлари, маданий-маърифий тадбирлар, модалар намойиши, илмий анжуманлар ва ижодий тақдимотлар ўрин олган.
Марказий тадбирлардан бири «Турк дунёси рассомлари аёллари» халқаро кўргазмаси бўлиб, унда ТУРКСОЙга аъзо мамлакатлардан 21 нафар рассомнинг асарлари намойиш этилади. Фестиваль доирасида Кёмюнг университети (Жанубий Корея) Тасвирий санъат факультети профессорларининг кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади.
Анъанага кўра, «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати танлови ғолиблари тақдирланади. Хорижлик меҳмонлар учун мамлакатимизнинг маданий мероси ва тарихий обидалари билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига бир кунлик экскурция ташкил этилади.
Фестиваль тадбирлари Бадиий академияси юрисдикциясидаги барча кўргазма майдонларида: Марказий кўргазмалар зали, Икуо Хираяма халқаро маданият карвонсаройи, Тошкент Фотосуратлар уйи, Академия галереяси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби, шунингдек, Ўзбекистон рассомлик галереясида ўтказилади.