Дунёда янги вирус тарқалмоқда. У ҳақда нималар маълум?
Конго Демократик Республикасида 140 дан ортиқ фуқаро номаълум касалликка чалиниб вафот этди. Касалланган одамлар дори-дармон етишмаслиги туфайли ҳаётдан кўз юммоқда, касалланганлар сони эса ортиб бормоқда.
Ноябрь ойида Конго Демократик Республикасида (КДР) номаълум касаллик туфайли 140 дан ортиқ одам вафот этди. Бу ҳақда Реутерс ахборот агентлиги маҳаллий ҳокимиятларга асосланиб хабар бермоқда.
«Ноябрь ойида Демократик Республиканинг жануби-ғарбий вилоятида номаълум касаллик 143 кишининг ёстиғини қуритди», — дейилади хабарда.
Кванго вилояти вице-губернатори Реми Саки ва маҳаллий соғлиқни сақлаш бошлиғи Аполлинер Юмба барча беморларда ўхшаш аломатлар, жумладан, юқори ҳарорат ва кучли бош оғриғи кузатилганини маълум қилишди.
Зарарланган ҳудудга намуналар олиш учун тиббиёт ходимлари жўнатилди. Аниқланишича, касаллик кўпинча дори-дармонларни топиш мушкул бўлган қишлоқ жойларида тарқалган.
Хабар қилинишича, касалликка чалинганлар дори-дармон етишмаслиги туфайли жон бермоқда, касалланганлар сони эса ортиб бормоқда.
ЖСССТнинг таъкидлашича, БМТ вазиятдан ташвишда ва Конго ҳукумати билан ҳамкорликда номаълум касалликни ўрганиш устида ишламоқда.