«Ғишткўприк» чегара божхона пости 4 ойга ёпилади
Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк» чегара божхона пости 5 февралдан бошлаб вақтинча ёпилади. 4 ой давомида постда қурилиш ва реконструкция ишларини якунлаш режа қилинмоқда. Фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати «Навоий» постига йўналтирилади.
Тошкент вилоятида ўзбек-қозоқ чегарасида жойлашган «Ғишткўприк» (Черняевка) чегара божхона пости 5 февралдан бошлаб 4 ойга ёпилади, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси.
Қайд этилишича, чеклов мазкур постдаги катта қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий ниҳоясига етказиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Хусусан, постда вақтинчалик биноларни демонтаж қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, постга туташ ҳудудда зарур инфратузилмани ташкил этиш назарда тутилган.
«Ғишткўприк» чегара пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракати 5 февраль кунидан «Навоий» чегара божхона постига йўналтирилади. У Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган бўлиб, «Ғишткўприк» постига яқин ҳудуд ҳисобланади.
Жисмоний шахслар, енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати учун қулай бўлишини таъминлаш мақсадида «Навоий» чегара божхона постида юк автотранспорт воситалари ҳаракати чекланади.