ЧЛ. 2-турнинг диққатга сазовор бешта учрашуви
Илк бор янги форматда ўтказилаётган УЕФА Чемпионлар лигаси мусобақасининг биринчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Олдинда бизни воқеаларга бой бўлган иккинчи тур кутиб турибди. Toping.uz Чемпионлар лигаси иккинчи туридаги энг диққатга сазовор ўйинлар ҳақида маълумот беради.
УЕФА Чемпионлар Лигаси 2024-25 йилги мавсумда турнирнинг 32 жамоадан 36 жамоага кенгайтирилиши билан янги босқичга қадам қўйди. Бу мавсумда янги формат ҳам жорий этилди.
Анъанавий гуруҳ босқичи бекор қилинди. Унинг ўрнига барча 36 та клуб ягона жадвал асосида мусобақалашади ва биринчи босқич якунида энг юқори саккизта ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри 1/8 финалга йўл олади.
Жадвалда 9-24-ўринларни эгаллаган жамоалар икки босқичли плей-офф церийасида жуфтлашади, саккизта ғолиб ҳам нокаут босқичига чиқади. 25-ўрин ва ундан пастроқ ўринларни эгаллаган жамоалар мусобақадан чиқиб кетади ва УЕФА Европа Лигасига ўтмайди.
Мавзуга доир: УЭФА Чемпионлар лигаси 2024-2025 ўйинлар жадвали ва натижалар
Ҳар бир жамоа биринчи босқичда саккизта турли рақиб билан саккизта ўйин (тўрттаси уйда, тўрттаси сафарда) ўтказади. Пайшанба куни Монакодаги Грималди форумида УЕФА томонидан ўтказилган қуръа ташлаш натижасида биринчи босқич ўйинлари аниқлаб олинганди.
Ассоциация маълумотларига кўра, 1/8 финал 4 мартдан бошланади. Бу мавсумнинг финали 31 май куни Мюнхенда бўлиб ўтади. Қуйида иккинчи босқичдаги энг қизиқарли бешта ўйинга назар ташлаймиз:
«Барселона» — «Янг Бойз»
Испания чемпионатида еттита ўйинда еттита ғалаба қайд этган «Барселона»нинг халқаро майдонларда омади келмаяпти. Ханси Флик шогирдлари биринчи турда «Монако»га мағлуб бўлди.
Иккинчи турда эса бироз енгилроқ рақиб — «Янг Бойз»га қарши майдонга тушади. Чемпионлар Лигасидаги омадсизликка чек қўйиш учун яхши имконият.
«Барселона» ва «Янг Бойз» учрашуви
- Сана: 2024 йил 2 октябрь, чоршанба
- Соат: Тошкент вақти билан 00:00 да
- Стадион: Олимпия, Барселона
«Слован» — «Ман Сити»
«Манчестер Сити»да ҳам ҳолат деярли «Барселона»ники билан ўхшаш. Жамоа АПЛда биринчи ўринда кетмоқда.
Аммо шаҳарликлар ЧЛ биринчи турида «Интер» билан нурсиз дуранг қайд этди. Бундан ташқари, Холанд халқаро майдонда ҳам ўз маҳоратини кўрсатадиган пайт келди.
«Слован» ва «Манчестер Сити» учрашуви
- Сана: 2024 йил 2 октябрь, чоршанба
- Соат: Тошкент вақти билан 00:00 да
- Стадион: Миллий, Братислава
«Байер» — «Милан»
Ўтган мавсумдаги мағлубиятсиз сери яси билан фурор кўтарган ва ҳозир ҳам яхши ўйин кўрсатиб келаётган «Байер» ўз майдонида Италия чемпионати сўнгги турида мумтоз Милан дербисида ғолиб чиққан ва яхши кайфиятда бўлган «Милан»ни қабул қилади.
Бу учрашув иккинчи турнинг энг қувноқ ва голларга бой ўйини бўлиш учун даъвогарлардан бири ҳисобланади.
«Байер» ва «Милан» учрашуви
- Сана: 2024 йил 2 октябрь, чоршанба
- Соат: Тошкент вақти билан 00:00 да
- Стадион: Бай-Арена, Леверкузен
«Арсенал» — «ПСЖ»
Иккинчи турнинг марказий учрашуви. «Арсенал» Англия чемпионати сўнгги турида «Манчестер Сити»дан қолиб кетган аламини сўнгги пайтларда бироз ўйини ўхшамаётган «ПСЖ»дан олиши мумкин. Аммо Луис Энрике шогирдлари бунга шунчаки қараб турмайди.
«Арсенал» ва «ПСЖ» учрашуви
- Сана: 2024 йил 2 октябрь, чоршанба
- Соат: Тошкент вақти билан 00:00 да
- Стадион: Emirates Stadium, Лондон
«Ливерпул» — «Болонья»
«Ливерпул» қаторасига иккинчи турда ҳам Италия клубига қарши ўйин ўтказади. Чемпионлар Лигаси биринчи турида «Милан»ни мағлуб этган Арне Слот шогирдлари бу сафар «Энфилд»да «Болония»ни кутиб олади.
Италияликлар бу ўйинда фаворит бўлмасада, «Ливерпул»га жанг таклиф қила олади.
«Ливерпул» ва «Болонья» учрашуви
- Сана: 2024 йил 3 октябрь, пайшанба
- Соат: Тошкент вақти билан 00:00 да
- Стадион: Энфилд, Ливерпул
Қуйидаги суратда иккинчи турнинг барча ўйинлари рўйхати келтирилган. Айни пайтда Ўзбекистонда Чемпионлар Лигаси учрашувларини Zoʻr TV телеканали расмий равишда эфирга узатмоқда.
Toping.uz футбол ихлосмандлари учун янги «УЕФА Чемпионлар Лигаси» деб номланган бўлимни ишга туширган. Унда чемпионатнинг барча учрашувлари анонси, натижалари, ёрқин вазиятлари ва умумий тур таҳлиллари бериб борилади. Бизни кузатишда давом этинг!