Гвардиола «Арсенал»га қарши мағлубият ва Ҳусанов ҳақида ўз фикрини билдирди
«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер-лигасининг 24-турида «Арсенал»га йирик ҳисобда мағлуб бўлиши юзасидан фикрларини билдириб ўтди.
Учрашувдан сўнг Гвардиола бундай натижадан сўнг дарҳол изоҳ бериш осон эмаслигини айтиб, жамоасининг обрўси жиддий путур етказилганини таъкидлади. У мухлислардан узр сўраб, айниқса, учрашувнинг сўнгги 30 дақиқасидаги ўйин сифати ўзини қониқтирмаганини айтди.
Мураббийнинг фикрича, жамоа яхши ҳаракат қилган, ҳисоб ҳам тенг бўлган, бироқ ўйин охиридаги ҳолат уни жиддий ғазаблантирган. У мағлубият сабаблари ҳали ҳам аниқ эмаслигини айтиб, футболчиларда ўйинга бўлган иштиёқ етарли эканини, энди барчанинг бирлашиши муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Гвардиола учрашув олдидан Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам фикр билдириб, ёш ҳимоячининг олдинги ўйиндаги хатоси туфайли танқид қилинмаганини айтди.
Унинг таъкидлашича, кўплаб юқори даражадаги ҳимоячилар ҳам хатога йўл қўйиши мумкин ва Ҳусанов «Челси»га қарши учрашувда фақатгина битта машғулотдан сўнг майдонга тушган. Янги жамоа, янги тил ва янги муҳитга мослашиш осон эмаслигини таъкидлаган мураббий, шундай шароитда футболчига қўллаб-қувватлаш кераклигини айтди.
Мураббийнинг қўшимча қилишича, Ҳусанов ҳозирда яхши формада ва машғулотларда фаол ишламоқда. У футболчининг бутун эътибори ишига қаратилганини ва унда ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, «Манчестер Сити» 24-турда «Арсенал»га қарши ўйинда 1:5 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов эса бутун учрашув давомида захирада қолди.