Instagram CapCut`нинг аналоги бўлган Edits видеомуҳарририни тақдим этди
Иловани iOS фойдаланувчилари 13 мартдан бошлаб ишлатишлари мумкин. Android версияси эса кейинроқ тақдим этилади.
«Instagram» ижтимоий тармоғи Reels роликларини таҳрирлаш учун янги илова — «Edits»ни тақдим этди.
Илова «TikTok»да пост қилиш учун видеоларни монтаж қилиш имконини берувчи «CapCut» нусхаси ҳисобланади.
«Instagram» раҳбари Адам Моссери айтишича, «Edits» телефонда қисқа видеолар яратувчилар учун ишлаб чиқилган.
Иловада камера, таҳрирлаш воситалари, машҳур қўшиқлар рўйхати, қораламалар яратиш ва уларни бошқа ижодкорлар ҳамда дўстлар билан улашиш имконияти мавжуд бўлади.
«Edits» иловасида камерага олиш мумкин бўлган видеонинг максимал узунлиги — ўн дақиқа. «Instagram»да юклаб олиш сифати — 1080p.
Иловани «App Store»да «олдиндан буюртма бериш» имконияти мавжуд. У 2025 йил 13 мартдан бошлаб ишга тушади ва рус тилини қўллаб-қувватлайди.
Бу вақтгача компания чекланган доирадаги муаллифлар орасида улардан фикр-мулоҳаза олиш мақсадида иловани синаб кўради. Android версияси эса кейинроқ тақдим этилади.