Юлдуз Усмонова фаластинлик болалар ва аёлларга 4 та уй совға қилди
Хонанда фаластинлик болалар ва аёллар Ўзбекистонга олиб келинганидан кейин 3 кун ўзига келолмай йиғлаганини ва уларга қандай ёрдам бериш борасида Саида Мирзиёева билан маслаҳатлашганини айтди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг урушдан жабр кўрган 100 нафар фаластинлик болалар ва аёлларни эвакуация қилганидан таъсирланиб 3 кун йиғлаганини ва президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан гаплашганини айтди.
«Урушда яраланган фаластинлик болалар ва аёллар Ўзбекистонга олиб келинди. 3 кун ўзимга кела олмасдан йиғладим. Бизни қўлимиздан нима келади деб қўнғироқ қилишни бошладим. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан гаплашиб биздан нима ёрдам керак деб сўрадим.
Уларга қандай ёрдам бериш кераклиги борасида турмуш ўртоғим билан гаплашиб маслаҳатлашдим. Турмуш ўртоғим билан қиймати 1 миллиард 300 миллион сўмлик 2 та хонадон харид қилдик. Мана шу 2 та уйни Фаластиндан келган болалар ва аёлларга оляпман деганимдан кейин 2 та уй 4 та бўлди. Ушбу хонадонлар тўлиқ таъмирланган ҳолатда топширилмоқда», — деди Юлдуз Усмонова.