Олдин ва ҳозир: «Бригада» сериали актёрлари 23 йил ичида қандай ўзгарди?
«Бригада» — 1989-2000 йиллар оралиғидаги воқеаларни қамраб олган 15 қисмдан иборат 2002 йилги рус криминал телесериали. Сюжет марказида Александр Белов (Саша Белий) бошчилигидаги жиноий гуруҳга бирлашган тўрт дўстнинг тақдири туради. Сериал «Аватар фильм» кинокомпанияси томонидан суратга олинган.
Фильм Алексей Сидоровнинг режиссёрлик дебюти бўлиб, бош ролларни ижро этган Сергей Безруков, Андрей Панин ва Екатерина Гусевага, шунингдек, Дмитрий Дюжев, Владимир Вдовиченков ва Павел Майковга катта шуҳрат келтирган. Фильмда катта авлод актёрларининг бир неча машҳур вакиллари иккинчи даражали ролларда иштирок этишган.
00 йилларда барча ёш йигитларнинг асосий қаҳрамонига айланган Саша Белий образини гавдалантирган актёр Сергей Безруков Россияда хизмат кўрсатган артист унвонига эга. У ижодий фаолияти давомида узоқ йиллар театрда баракали хизмат олиб борган. Актёр 2024 йилда режиссёр Анна Матисон томонидан НТВ канали учун суратга олинган «Плевако» детектив сериалида бош қаҳрамонни ижро этди.
Бригаданинг асл асосчиси Кос ролини ўйнаган актёр Дмитрий Дюжев ҳам 2018 йилда Россияда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлди. У 2010 йилларгача бир қанча фильм, мултфилм ва видеоўйинларга овоз бериш билан ҳам шуғулланди. Шунингдек, 2012 йилда бир муддат режиссёрлик билан шуғулланган. Актёр 2024 йилда Алексей Нужнийнинг «Бременлик созандалар» мюзиклида хўтик ролида кўриниш берди.
Космос билан биргаликда ўлдирилганда ҳаммамиз бирдек сиқилган қаҳрамон — Виктор Пчёлкин образини актёр Павел Майков гавдалантирган. Паша айни вақтда «Магрит» рок гуруҳининг яккахони сифатида ижод қилмоқда. У 2024 йилда «Бизда ёз» фильмида Миша амаки ролида кўриниш берди. Ижодкор ҳозирда бор эътиборини мусиқий санъатга қаратган десак, муболаға бўлмайди.
Саша Белийнинг тансоқчиси Фил ролини ижро этган Владимир Вдовиченков сўнгги йилларда фаол ижод қилмоқда. Жумладан, у 2024 йилда Константин Эрнстнинг «Қаршилик» триллерида ҳамда Сарик Андреаснинг «Онегин» мелодрамасида бош ролларни ижро этди. Актёр ижодда бўлгани каби шахсий ҳаётда ҳам серқирра ҳисоблаанди. У шу пайтгача беш марта оила қурган.
Йигитларнинг севимли иконасига айланган Олга Сурикова образини гавдалантирган Екатерина Гусева айни пайтда 48 ёшда. У 2009 йилдаёқ Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Актриса 2024 йилда режиссёр Кирилл Седухиннинг «Мусиқа машинаси» фильмида Светлана ролини ижро этди.
Сериалдаги асосий антогонист Владимир Каверин ролини ижро этган актёр Андрей Панин 2013 йилда 50 ёшида вафот этган. Актёр ижоди ҳақида жуда кўплаб ҳужжатли фильмлар ишланган. Шулардан бири 2022 йилда эълон қилинган «Соя билан жанг» лойиҳасидир. Унда актёрнинг танишлари, ҳамкасблари ва дўстлари қатнашиб, Панин ҳаётига оид қизиқарли фактлар билан бўлишган.
Сериал мусиқасини бастакор Алексей Шелигин ёзган. Режиссёр Алексей Сидоровнинг сўзларига кўра, у Шелигин томонидан яратилган мусиқий мавзуларнинг ўз тасаввурига қанчалик мос келганидан, шунингдек, улар алоҳида саҳналарнинг хронометражига тўғри келганидан ҳайратда қолган.