Озода Нурсаидова жиддий мурожаат билан чиқди
Хонанда Озода Нурсаидова FTV Music Awards дастурида «Йил клипи» номинациясида ғалаба қозонди. Қўшиқчи шундан сўнг мурожаат билан чиққан.
Тошкент шаҳридаги «Халқлар дўстлиги» санъат саройида 6 ноябрь куни FTV телеканалининг мусиқа ижрочиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ўзбек-шоу бизнесининг кўплаб вакиллари, таниқли блогерлар ва ижод аҳли иштирок этди. Қизил йўлаклар, фотосессиялар учун махсус жой ташкил этилди.
Концертда сўнгги йилнинг трендмейкерлари қўшиқ куйлаб, йиғилганлар учун ажойиб дастур тақдим этди. Бир нечта номинацияларда ғолиблар аниқланди.
Озода Нурсаидованинг «Кўк Жигули» қўшиғига ишланган клип «Йил клипи» деб топилди. Хонанда саҳнада кичик ҳайкалчани қабул қилиб, қўшиқ куйлади.
Шундан сўнг санъаткор Instagramʼга пост жойлаб, бироз жиддий тарзда уни танқид қилаётганлар жавоб қайтарди. Мухлислар хонанда энг яхши ижодкор эканини айтган.
«Менга шунинг ўзи ва халқ эътирофи етарли. Ерга урмоқчи бўлганлар, руҳан синдираман деганлар бўлса, хато қилади!» деб ёзади Нурсаидова пост изоҳида.
Ушбу постга таниқли қўшиқчи Ҳамдам Собиров ҳам изоҳ ёзган. «Опажон, сиз афсонасиз. Аслида барча ютуқлар сизники эди. Ҳеч қачон кайфиятингизни туширманг», дея таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, «Кўк Жигули» ўзбек шоу-бизнесида феноменал тарона ҳисобланади. Унга ишланган клип YouTubeʼда 335 миллион марта кўрилган. Yandex, Spotify ва Apple мусиқий платформаларида етакчи ўринни эгаллаган.