1 январдан Тошкент жамоат транспортида йўл ҳақи ошиши кутилмоқда
Тошкентда 1 январдан автобус ва метрода бир марталик тўлов 3000 сўм этиб белгиланиши режалаштирилмоқда. Транспорт карталари учун аввал жорий қилинган имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади. Шунингдек, автобусларда йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисида» Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор билан 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгиланмоқда:
бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф — 3000 сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 (бир) марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда — 1 700 (бир минг етти юз) сўм ундирилади;
бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун — 4000 сўм;
қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф — 1600 сўм.
Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.
Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилади.