Регистон майдони дунёдаги энг гўзал жойлар рўйхатига кирди


TimeOut журнали Самарқанддаги Регистон майдонини дунёдаги энг гўзал 44 та жой қаторига киритди, деб хабар бермоқда Туризм қўмитаси.
Таъкидланишича, нашр дунё бўйлаб тажрибали саёҳатчиларнинг фикрларини тўплаб, улар ташриф буюрган энг гўзал жойлар ҳақида сўзлаб берди. Натижада, дунёнинг энг ажойиб гўшаларига йўл кўрсатувчи қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин бўлган рўйхат тузилди.
Самарқандга ташриф буюрган саёҳатчилар Регистон майдонини шундай таърифлашади:
«Учта улуғвор иншоот билан ўралган кенг майдон — Регистон Самарқанднинг қадимий қалби, замонавий Ўзбекистондаги Ипак йўли шаҳрининг тимсоли ҳисобланади. Регистоннинг ХВ-ХВИИ асрларда қурилган учта мадрасаси равоқли пештоқлари, ялтироқ гумбазлари ва баланд миноралари билан манзарани тасвирлаб беради. Улар ғишт, кошин ва мозаикалардан ясалган геометрик нақшлар билан безатилган.
Бу бинолар улуғворлиги ва нафосат уйғунлигида, мафтункорлиги ва меҳмондўстлиги билан ажралиб туради. Қош қорайиши билан эса улар бутун гўзаллигини намоён этиб, нурга бурканади».
TimeOut — Лондонда жойлашган халқаро компания бўлиб, дунёнинг 60 та шаҳрида кўнгилочар ва маданий ҳаёт ҳақида айнан шу номдаги ҳафталик журнални нашр этади.