Ҳалимахон нима сабабдан вафот этгани маълум бўлди
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Instagramʼдаги саҳифасида жонли эфирга чиқиб, комик актриса Ҳалима Ибрагимованинг ўлими сабаби ҳақида гапирди.
Грижаси (умуртқа поғонаси чурраси) бор эди. Ё грижасини олдириш керак эди, ёки тана вазнини енгиллаштириш керак эди. Шунинг учун ошқозонини кестириш амалиётини қилдирибди, менга ҳам билдирмай.
Йўқ бўлиб қолди. Хавотирланиб қўнғироқ қилдим. «Опа, операция қилдиргандим, жойи йиринглаб кетибди», деди. Операция бошқатдан қилинганида тери етмай қолди, 20 га 50 жойи очиқ турган, ўша жой йиринглаган.
У ҳам, бу ҳам эмас, умри шу жойгача экан. Биз шундай бўлишини бир ҳафта олдин билгандик, тайёр бўлиб тургандик. Бугун ўша жойи тикилиши керак эди. Камига қондаги қанд миқдори ҳам 30 га кўтарилиб кетибди. Қон босими ҳам жуда баланд эди. Устига-устак донор ҳам топилмаган, дейди Юлдуз Усмонова.
Шунингдек, Ҳалима Ибрагимова Юлдуз Усмоновадан умра сафарига олиб боришни сўрагани, охирги пайтда беш вақт намоз ўқигани ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Ёшлигидан шафқатсиз оламда вояга етди у. Ота-онасидан эрта етим қолган эди. Чумчуқ қуш, шикаста қалб соҳибаси, таъсирчан, тезда йиғлаб юборадиган қиз эди. Намозга эгилиб қолганди. Умраларни ният қилганди.
Биринчи операция қилинганида ҳам бир комага тушиб қайтиб чиққанди. Ўшанда реанимацияда ётганди. «Реанимацияда уч киши ётдик. Ўшанда ётганимда битта катта одам келди, у мени олиб кетгани келди, деб ўйладим.
Эрталаб ёнимда ётган аёл вафот этганини эшитдим», деб йиғлаб айтиб берганди. Хуллас, ўлими яқинлигини кўнгли сезган, аён берган. Эртадан кейин сафарга кетаман, унга ҳам умра бадал қиламан, дейди Юлдуз Усмонова.