«Сайёра гўзали» танлови якунланди. Унда ким ғолиб бўлди?
27 ноябрь чоршанба куни Камбоджада «Сайёра гўзали 2024» халқаро гўзаллик танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Ғалаба ва қимматбаҳо унвон Бирлашган Араб Амирликлари вакиласига насиб этди. Бу мамлакат тарихда биринчи марта ушбу шоу ғолиби бўлди.
Энг яхши модель сифатида пластик жарроҳ Маҳра Лутфри тан олинди. У 59 нафар рақибини ортда қолдирди. Бу ҳақда шоунинг YouTubeʼдаги расмий эфиридан маълум бўлди. Финалда у биринчи ўрин учун Индонезия вакиласи билан ҳам беллашди.
Бироқ Индонезия вакиласи экология соҳасидаги ютуқлари ва БМТнинг 17 та Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлагани учун «Сайёра фариштаси» унвони билан тақдирланди. Маълумки, танловнинг мақсадларидан бири нафақат энг гўзал қизни, балки муҳим экологик ва ижтимоий ўзгаришларни тарғиб қилувчи моделни ҳам танлашдан иборат.
Ғолиблик тожини қўлга киритган Лутфри Instagramʼда ўз ғалабаси ҳақида фикр билдирди. Хусусан, у бу БААнинг танлов тарихидаги биринчи ғалабаси эканлигини таъкидлади, шунингдек, уни қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.
«Халқаро гўзаллик танловида ғолиб бўлган биринчи БАА фуқароси! Менга ишонганингиз учун раҳмат. Камбоджага ва менга овоз берган барчага ташаккур», — деб ёзди Маҳра.
Шунингдек, у танловдан барқарор ривожланиш мақсадларига ва ўзининг илмий тадқиқотларига эътиборни жалб қилиш учун фойдаланганини таъкидлади. Шуни ҳам айтиш жоизки, модель бош унвондан ташқари «Мисс Сайёра Ижтимоий тармоқлари» унвонига ҳам сазовор бўлди. Қизнинг Instagramʼда деярли 10 миллион обуначиси бор.
«Лутфри «Сайёра гўзали» танловидан БМТнинг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун фойдаланди. У ўсимликларнинг ўзак ҳужайраларини ўрганиш бўйича ўзининг инновацион иши ҳақида сўзлади. У экологик барқарорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қайта тиклаш ва қишлоқ хўжалигидаги инновацияларга эътибор қаратди. Ушбу ғалаба нафақат БААга фахр келтирди, балки Лутфрининг илм-фанга бўлган иштиёқини ҳам намойиш этди», — дейилади ғолибанинг бошқа постида.