Самарқанд нони географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди
Бундан қарийб икки йил олдин ғиждувон шашлик ҳам географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди.
Самарқанд нони географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Рўйхатга олиш ишлари жорий йилнинг 4 февраль куни вазирликнинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси томонидан амалга оширилди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевга «Самарқанд нони» географик кўрсаткич ҳужжатини топширди.
“Географик кўрсаткичлар тўғрисида"ги қонун билан товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилади.
Унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.