Starlink учун яна 20 та сунъий йўлдош орбитага учирилди
SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракета ташувчиси глобал интернет тармоғи учун сунъий йўлдошларни яна орбитага муваффақиятли олиб чиқди.
Falcon 9 ракета ташувчиси Starlink интернет қопламаси тизимининг глобал тармоғи учун яна 20 та сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиқди.
«20 та Starlink сунъий йўлдоши олиб чиқилгани тасдиқланди», — дейилади хабарда.
Ракета Калифорниядаги Вандерберг Космик кучлари базасида жойлашган SLC-4E старт майдончасидан учирилган. Тахминан бир соатдан кейин сунъий йўлдошлар ташувчининг иккинчи поғонасидан ажралиб, орбитага чиққан.
Учириш доирасида ташувчи ракетанинг кўп марталик биринчи поғонаси Тинч океанидаги Of Course I Still Love You дрон-плартформасига саккизинчи маротаба вертикал қўнишни амалга оширди.
2019 йил майдан бери Starlink лойиҳаси доирасида SpaceX компанияси 7,3 мингта шу каби сунъий йўлдошни учирди. Уларнинг бир қисми ишдан чиққан ёки орбитада йўналишини ўзгартирган бўлса, 6,6 мингдан зиёд аппарат эса ҳозирда соз ҳолатда.
Аввалроқ юздан ортиқ коинот тадқиқотчилари АҚШ федерал ҳукуматига мурожаат қилиб, SpaceX компаниясининг минглаб Starlink сунъий йўлдошларини коинотга учиришга рухсат беришдан аввал экологик баҳолаш ўтказишни талаб қилганди. Илон Маск компанияси аллақачон Федерал Алоқа Комиссиясидан 12 мингга яқин сунъий йўлдош учиришга рухсат олган — бу ҳозир Ер орбитасида мавжуд бошқа жисмларнинг умумий сонидан икки баравар кўп.